“ЭНГ ЯХШИ ТАЛАБА МАҚОЛАСИ” РЕСПУБЛИКА ТАНЛОВИ

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти (СМТИ) ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи (ЎЁИ) Марказий Кенгаши олий таълим муассасалари талабалари учун “Энг яхши талаба мақоласи” танловини эълон қилади.

Мақолалар танлови учун мавзулар:

1. Коронавирус пандемиясидан кейинги дунё (коронавирус пандемиясининг илмий, ижтимоий-сиёсий, гуманитар, ижтимоий, иқтисодий, психологик ва бошқа оқибатлари тўғрисидаги тасаввурлар).

2. Пандемия - атроф-муҳит манфаати учунми!?

3. Пандемия рақамли трансформациянинг янги босқичини ривожлантириш учун туртки сифатида.

4. Пандемия фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлашга муносабатини ўзгартирди.

5. Биз биргамиз: бирдамлик умумий бахтсизликни енгишга ёрдам беради.

Мақолалар ўзбек, рус, қорақалпоқ ва инглиз тилларидан бирида 2020-йилнинг 15-май куни соат 17:00га қадар электрон шаклда +99899-898-77-19 (@mzkingstar) телеграмм орқали юборилиши лозим.

Мақолалар юбориш ва уларни кўриб чиқиш тартиби:

- юборилган мақолалар СМТИ ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ходимларидан иборат экспертлар комиссияси томонидан кўриб чиқилади ва саралаб олинган мақолалар муаллифларига хабар қилинади. Мақолалар ҳаммуаллифлик асосида бўлиши мумкин;

- кўрсатилган муддатдан кечикиб тақдим этилган, танлов мавзусига мос бўлмаган мақолалар кўриб чиқилмайди;

- танловда фақатгина олий таълим муассасалари талабалари иштирок этиши мумкин.

Мақолалар қуйидаги талабларга жавоб бериши лозим:

- мақолалар танлов мавзусига оид долзарб, илмий таҳлилга ва тугалланган фикрларга асосланган, саводли таҳрир қилинган, амалий таклиф ва тавсиялар билан тақдим этилиши лозим;

- мақола матни MS WORD матн муҳарририда, Times New Roman шрифти, 14 ёзув ўлчами катталигида, 1,5 интервалда бўлиши лозим;

- мақола матнлари А4 ҳажмда, юқоридан ва пастдан 2 см, чапдан 3 см, ўнгдан 1,5 см жой қолдириб расмийлаштирилиши лозим;

- мақоланинг номи бош ҳарфлар билан ёзилади;

- муаллифнинг исми, фамилияси номи;

- ўқийдиган олий таълим муассасаси;

- муаллифнинг фаол электрон почтаси, телефон рақами;

- мақолага қисқача аннотация;

- мақолани сақлашда мавзу рақами ва муаллиф фамилияси ёзилади. (Масалан: 01.Эшқулов М.С.доcх (юз қисмида).

Танловга топшириладиган мақолалардаги маълумотларнинг тўғрилигига муаллиф жавобгардир. Танловда ғолиб деб топилган мақола эгаларига Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгашининг эсдалик совғалари ва махсус сертификати топширилади ҳамда ушбу мақолалар СМТИ (www.isrs.uz), ЎЁИ (www.yi.uz) ва бошқа миллий оммавий ахборот воситаларида ёритилади.