Сайловлар ва ОАВ: ҳуқуқ кафолати

Юртимизда демократик ҳуқуқий давлат, фуқаролик жамияти қуриш жараёнида, ўтказилаётган ислоҳотларнинг очиқ ва ошкоралигини таъминлашда оммавий ахборот воситаларининг ўрни ва роли беқиёсдир. Давлатимиз раҳбари мамлакатдаги энг долзарб муаммоларни, ечимини кутаётган масалалар тўғрисида хабарларни оммавий ахборот воситаларидан олаётганлигини эътироф этмоқда. Шу маънода давлат ва жамият ўртасида энг самарали демократик институт сифатида ўз ўрнини топаётганлигини тўлиқ эътироф этиш мумкин.

Демократиянинг энг муҳим тамойили – фуқароларнинг сайлов ҳуқуқини, ўз хоҳиш-иродасини эркин ифодалаш, ўз манфаатларини рўёбга чиқариш ва ҳимоя қилиш ҳуқуқини таъминлашда ҳам оммавий ахборот воситаларининг салоҳияти катта аҳамиятга эгадир. Шундай экан сайлов қонунчилигидаги ўзгаришларни пухта билиш
ва профессионал ёндашув талаб этилади.  

ОАВ нафақат сайлов кампаниясининг бориши тўғрисида сўнгги янгиликларни тақдим этиш, балки сайловда иштирок этаётган номзодларнинг сиёсий қиёфасини яратиш ва ўзгартириш, сайловчиларнинг сиёсий қизикишини уйғотишда хам улкан имкониятларга эгадир. Буни кўпгина давлатларда бўлиб ўтаётган сайлов кампаниялари тажрибасидан хам кўришимиз мумкин.

Хусусан, Германия қонунчилигида сайлов жараёнида ОАВларнинг иштирокини бевосита шартлайдиган қонунчилик нормалари мавжуд эмас. Лекин, номзодлар томонидан ташвиқот материалларини радио ва телевидениеда жойлаштиришни тартибга солувчи муайян қоидалар мустаҳкамланган. Швецария қонунчилигига кўра ОАВлар сайловлар жараёнини ёритишда холислик тамойилига катъий амал қилишлари лозим.

Сайловолди ташвиқоти ташкилий жиҳатдан аниқлик ва муайян қоидаларга амал қилишни талаб этади.

Ўзбекистон қонунчилигида сайловларда ОАВнинг иштироки масаласи қандай тартибга солинган?

Мамлакатимизда оммавий-ахборот воситаларининг сайловолди ташвиқот, сайлов жараёни ва натижаларини ёритиш ва сўз эркинлигини таъминлашда етарли имкониятлар яратилган. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 67-моддасига мувофиқ оммавий ахборот воситалари эркиндир ва қонунга мувофиқ ишлайди. Улар ахборотнинг тўғрилиги учун белгиланган тартибда жавобгар ҳисобланади ва цензурага йўл қуйилмайди.

Таъкидлаш жоизки, сайловларга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказиш давридаги ОАВ фаолияти асосан қуйидаги йўналишларда, яъни сайловларни ўтказишда ташвиқот қилиш, сайлов комиссиялари фаолиятини ёритиш, сайлов комиссияларининг ОАВлардан жамоатчиликни ўз фаолиятлари натижалари юзасидан хабардор қилиш, жамоатчилик назорати амалга ошириш орқали амалга оширилади.

Оммавий ахборот воситалари сайловларда эркин, ҳеч бир тўсиқсиз иштирок этади. Жумладан, сайлов кодексининг 8-модасига кўра, оммавий ахборот воситалари сайловга тайёргарликнинг боришини ва сайлов қандай ўтаётганлигини ёритиб боради.

Бу борада, сайлов комиссиясининг мажлисларида ОАВ вакиллари иштирок этиши мумкин.

Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 35-моддасига мувофиқ оммавий ахборот воситаларининг вакиллари сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир барча тадбирларни ёритиш, сайлов куни овоз бериш биноларида ҳозир бўлиш, шу жумладан овозларни санаб чиқиш чоғида ҳозир бўлиш ҳуқуқига эга.

Сайлов кодекснинг 46-моддасига кўра, ташвиқот олиб борилаётганда давлат оммавий ахборот воситаларидан фойдаланишда ҳажмига кўра бир хил бўлган эфир вақтини ва нашр майдонини бепул бериш йўли билан тенг шароитлар таъминланади. Давлат оммавий ахборот воситаларида ҳақ эвазига ҳам эфир вақти ёки нашр майдони ажратилиши мумкин.

ОАВ томонидан эфир вақти, нашр майдони учун белгиланадиган ҳақ тўлаш шартлари ҳамда бошқа талаблар барча учун тенг ва бир хил бўлиши керак.

Ушбу қоида сайлов ҳуқуқи соҳасидаги халқаро стандартларга тўлиқ мос келади. Жумладан, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик кенгаши инсонийлик мезони бўйича конференцияси Копенгаген ҳужжати 7-бандида универсал сайлов стандартларига қўшимча тарзда белгиланганки, қонун ва давлат сайловларнинг эркин ҳамда ҳалол ўтказилишини, сайлов жараёнида иштирок этувчи барча сиёсий партия ва номзодларга оммавий ахборот воситаларидан тўсиқсиз фойдаланиш имкониятини таъминлаши керак.

Хулоса қилиб айтганда, сайловлар мамлакатимизнинг халқаро майдонда ва жаҳон ҳамжамияти назарида обрў-эътиборини, юртимизда амалга оширилаётган демократик ислоҳотларнинг халқаро андоза ва талабларга тўла ҳамоҳанг эканини яна бир бор синовдан ўтказадиган жараён ҳисобланади.

Шу боис, сайловлар авваламбор, Конституциямиз мезонлари
ва принциплари, сайловга оид қонунчиликка биноан эркин, очиқ
ва ошкора, холисона ва ҳалол, бир сўз билан айтганда, сайловчиларимизнинг эркин хоҳиш-иродасини намоён қиладиган тарзда ўтишини ёритишда оммавий ахборот воситалари фаолияти муҳим аҳамият касб этади.

Ўзбекистан Республикаси Адлия

вазири ўринбосари Х.Мелиев