Карантин қоидалари нима учун кучайтирилди?

Карантин қоидалари нима учун кучайтирилди?

Мамлакатимизнинг етакчи эксперт-таҳлилчиларидан бири бўлган, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори ўринбосари Санжар Валиев билан суҳбатлашилди.

– 10 июлдан бошлаб Коронавирусни назорат қилиш бўйича махсус Республика комиссиясининг қарорига биноан карантин чекловлари яна кучайтирилди. Ушбу қадам оммавий ахборот воситаларида ва ижтимоий тармоқларда қизғин мунозараларга сабаб бўляпти. Афтидан, бу масала ҳақида фикр билдирмаганлар деярли қолмади. Табиийки, одамларда кўплаб саволлар юзага келяпти. Кўпчилик иш, даромад ва бошқа чекловлар билан боғлиқ йўқотишлардан хавотирда.

Сиз вазиятни шарҳлаб, рўй бераётган воқеаларга ўз ҳолис баҳоингизни берсангиз.

- Сизнинг фикрингизга тўлиқ қўшиламан, карантин чекловларини кучайтириш масаласи ҳақиқатан ҳам қизғин мунозараларга сабаб бўляпти. Ва биз «экспертлар» деб ном олган бир қатор фаоллар гуруҳи тарафидан ушбу масала атрофида хайриҳох ва қарши фикрлар бўйича баҳс-мунозаралар келтириб чиқарилаётганлигини кўриб турибмиз. Бундан ташқари, кўплаб фикрлар улар томонидан бир томонлама ёки бутунлай нотўғри талқин этиляпти.

Юқорида айтиб ўтилган аксар «экспертлар» учун асосий мақсад чиройли сарлавҳа ва ўз аудиториясини сонини ошириш бўлиб қолмокда. Аммо содир бўлаётган воқеаларнинг моҳияти, одатда, камчилик томонидангина ҳолис ёритилади.

Шу ўринда мен эътиборни жалб қилмоқчи бўлган баъзи жиҳатлар мавжуд. Шунинг учун, келинг, мавжуд вазиятга ойдинлик киритиб олайлик.

Биринчидан, карантин режимини кучайтириш зарурий чорадир. Бу қарор асоссиз қабул қилинмади. Келинг, касалликнинг ўсиш статистикасига эътибор қаратайлик. Агар май ойида ўртача кунлик касалланишлар сони 51 кишида қайд этилган бўлса, июн ойида бу кўрсаткич 163 га етди. Июл ойининг бошидан бошлаб кунига ўртача 324 та юқумли касаллик аниқланди. Афсуски, касалликдан нобуд бўлганлар сони ҳам кўпайди.

Аслида вирус мавжудми ва нима учун карантин чекловлари қайта жорий этилди деб савол берадиганганлар ушбу статистикага эътибор қаратишлари керак.

Инфекциянинг яна авж олишига – кўпинча одамларнинг бепарволиги сабаб бўлаётганлигини ҳам тан олишимиз керак. Карантин чекловлари қисман юмшатилиши биланоқ кўпчилик мавжуд элементар эпидемиологик талабларига риоя қилишни тўхтатдилар. «Ниқоб режими» ўрнига негадир «иягига ниқоб» тақиш тартиби кенг тус олди. Ижтимоий масофа қоидаларига риоя қилиш ҳақида гапирмаса ҳам бўлади.

Тўйларни ўтказиш бўйича мавжуд аниқ кўрсатмаларга қарамай, кўпчилик ушбу маросимларга юздан ортиқ меҳмонларни таклиф қилиб, оммавий тарзда нишонлашни давом эттирди. Ва бунинг оқибатида вужудга келган вазиятга гувох бўляпмиз. Бундай маросимлардан сўнг ўнлаб одамлар инфекция юқтириб олган ёки карантинга олинган.

Шу сабабли, карантин чекловларини қайта кучга кириши атрофидаги баҳс-мунозараларда янада қаттиқроқ чекловларни жорий этиш тарафдорлари ҳам бор. Улар чекловлар умуман олиб ташланмаслиги керак, деб таъкидлайдилар. Пандемияда энг муҳим қоидалардан бири карантин ва ўзини изоляция қилиш шартларига риоя қилишдир. Бундан ташқари, қачон касалликка қарши самарали вакцина ишлаб чиқилиши номаълум бўлган вазиятда- ягона тўғри йўл – карантин бўлиб қоляпти. Одамлар буларнинг барчасига жиддий муносабатда бўлишлари керак.

Агар жахон тажрибасига эътибор берсак, карантин қоидаларига риоя қилмай уларни бузганлик учун кўплаб мамлакатларда қаттиқ жазо чоралари кўрилади. Қўшма Штатларда, агар бир киши мажбурий изоляцияни бузган ва бошқаларга юқтирган бўлса, унга 100 минг доллар жарима ёки 1 йилга қамоқ жазоси берилиши мумкин. Испанияда уйини узрли сабабларсиз тарк этиш учун карантин даврида жарималар миқдори 600 дан 10,4 минг еврогача бўлган. Францияда карантин қоидаларини мунтазам равишда рад этгани учун 6 ойгача ҳибсга олиниши ва 3700 евро жаримага тортилиши мумкин эди.

Мен диққатни жалб қилишни истаган иккинчи нарса шундаки, карантин режимининг қайта кучайтирилиши, кўпчилик тасаввур қилганидек, тўлиқ блоклаш эмас.

Ушбу чекловларнинг асосий моҳияти аҳолини иложи борича ҳимоя қилиш ва вирус тарқалиш занжирини узишдир. Эътибор берсак, чекловлар жорий қилинган соҳалар асосан одамларни оммавий тўпланиши билан боғлиқ.

Мисол учун: жамоат транспорти, парклардаги аттракционлар, кийим-кечак бозорлари, фитнесс заллари, овқатланиш жойлари, санаториялар, болалар боғчалари ва лагерлар – буларнинг барчаси одамлар катта миқдорда тўпланадиган эҳтимолий вирус ўчоғларидир.

Шу билан бирга, бундай шароитда иқтисодиётни тўлиқ тўхтатиб қўйиш, оммавий ишдан бўшатиш тўғрисида гапириш ноўриндир.

Иқтисодий фаолиятда кенг кўламли чекловлар кузатилмаяётганини таъкидлаб ўтмоқчиман. Бундан ташқари, Президент Ш.М.Мирзиёев яқинда бўлиб ўтган йиғилишда фаолияти тўхтатилган корхоналарнинг камида 70 фоизини сентябргача ва йил охиригача қайта ишга туширишни аниқ вазифа қилиб қўйган эди.

Яна бир муҳим масала – ходимларни "масофавий иш" га ўтказиш бўйича тавсиялар уларнинг иш ҳақи ёки даромадларини йўқотишларини англатмайди.

Иш берувчилар ходимларнинг иш ҳакларини тўлаб бериш билан боғлиқ бўлган мажбуриятларини сақлаб қоладилар. Шу ўринда таъкидлаб ўтиш лозимки, март даврида жорий этилган карантинда, ижтимоий сўровномалар натижаларига кўра, фуқароларнинг аксарият қисми ўз иш ўринларини ва даромад манбаларини сақлаб қолдилар.

Аммо чекловларга дучор бўлган соҳаларда фаолият юритувчи шахслар қийинчиликлар зарби остида қолишгани бўйича бахс-мунозарага ўрин йўқ. Албатта, улар оғир аҳволга тушишди, лекин бутунлай имконсизлик ҳолатига эмас.

Хориж тажрибаси мисолида кўришимиз мумкинки, айнан ушбу соҳалар онлайн майдонни фаол равишда ўзлаштирмоқдалар. Савдо нуқталари жадаллик билан электрон савдо шаклларига ўтмоқда, озиқ-овқат хизмати таомларни етказиб бериш тизимига йўналган ҳолда вазиятга мослашмоқда ва хоказо.

Бугунги кунда шу нарса тушунарлики, коронавирус миллионлаб инсонларнинг турмуш тарзларига ўз тузатишларини киритди, инсонлар ҳаёти энди аввалгидек бўлмайди, кўп одатларни қайта кўриб чиқишга тўғри келади.

Айнан овқатланиш хизмати, савдо-сотиқ ва оммавий ҳордиқ тармоқлари янги шароитга мослашишига тўғри келади.

Қолаверса, ҳамма нарсани турли нуқтаи назардан таҳлил қилмоқ лозим. Буюм бозорлари, спорт заллари, кафе ва ресторанларнинг фаолияти албатта муҳим. Лекин бу хизмат турларига биринчи эҳтиёж сифатида қаралмайди. Менга оддий фуқаро сифатида, биринчи навбатда, озиқ-овқат дўконлари ва дорихоналарнинг узлуксиз фаолият юритиши муҳим. Шунингдек, уларда маҳсулотлар танқислиги бўлмаслиги ва нархларнинг кескин кўтарилмаслиги лозим.

Бошқа мамлакатлар билан солиштирганда айниқса ривожланган давлатлар билан биз бундай ҳолатларни олдини олиш уддасидан чиқяпмиз.

Шу ўринда яна кўшимча қилмоқчиманки, менда жорий карантин даврида кўпчилик каби кафе ва спорт залларга қатнаш билан боғлиқ ортиқча чиқимлардан халос бўлдим, яъники, иккиламчи эҳтиёжлар учун сарф-харажатларни камайтирдим.

Учинчидан, катта қийинчиликларга дуч келган аҳолини қўллаб-қувватлаш ишларига тўҳталмасдан иложимиз йўқ. Ҳозир бу масаланинг атрофида кўплаб миш-мишлар ва турли ҳил уйдирмалар тўпланмоқда.

Масаланинг ўта нозиклиги ва оғриқлилиги бўйича фикрларга қўшиламан. Зотан, воқеалар ривожининг бундай тус олишини хеч ким кутмаганди, хаттоки дунё миқёсида ҳам хеч ким илғамаганди. Шак-шубхасиз, кўпчилик қийинчиликлар билан тўқнашди.

Лекин шуни таъкидлайманки, мавжуд вазиятда давлат чекинмади, ўз зиммасидаги маъсулиятни бажаришга киришди. Шу маънода, айрим сохта экспертларнинг халқ инқироз даврида хеч қандай ёрдам олмаяпти деган даъволари мутлақо ўринсиздир. Улардан фарқли равишда мен фактлар билан изоҳлайман. Энг муҳими, ижтимоий муҳтож қатламлар эътибордан четда қолишмади.

Фақатгина «Саховат ва кўмак» умумхалқ ҳаракати доирасида 583 минг иқтисодий ночор оилаларга 307 миллиард сўмдан юқори миқдорда моддий кўмак берилди.

Ёки мисол тариқасида Республика Махсус комиссиясининг қийин аҳволда қолган 120 минг оилани қўллаб-қувватлаш бўйича сўнгги қарорини олайлик. Бу ерда молиявий кўмакка мухтож бўлганларнинг етарлича кенг рўйхати келтирилган. Бу мақсадларда 20 миллиард сўм миқдоридаги маблағлар ажратилди.

27 минг ишсиз қолган фуқароларни моддий қўллаб-қувватлаш ва уларга ишсизлик нафақалари тўлаш учун эса 10 миллиард сўм миқдоридаги маблағлар йўналтирилди.

Шу ўринда, “вертолёт пули” амалиёти билан боғлиқ бир вақтдаги тўловлар тури атрофидаги мунозараларни эслаб ўтмасдан иложим йўқ. Менинг назаримда, бу тактик қадам бўлиб, Ўзбекистон шароитида натижасиз бўлади. Бундай тўловлар тарафдорлари томонидан тез-тез тилга олинувчи АҚШда 75 минггача долларлик йиллик даромадга эга ҳар бир фуқарога 1,2 минг доллар миқдорида тўлов тўланяпти.

Агарда шунчаки рақамларга ва сумманинг хажмигагина қарамасдан, батафсилроқ ўрганадиган бўлсак, бу нимани англатади? Келтирилган 1,2 минг доллар миқдордаги сумма аҳоли жон бошига тўғри келадиган АҚШ миллий ялпи даромадининг 1,8% ташкил этади.

Агар ушбу фоизга мутаносиб равишда Ўзбекистонга қиёслайдиган бўлсак, унда ҳар бир ишловчи шахсга бериладиган тўлов миқдори 383 мингни ташкил этиши лозим бўлади.

Кўриниб турибдики, бу бир инсон учун жуда зарурий миқдор эмас. Бундай ҳолда биз мамлакат бўйлаб маблағларнинг шунчаки ёйилишини кўришимиз мумкин.

Айниқса мазкур ҳолатда биз талабни рағбатлантира олмаймиз, натижа жуда кичик миқёсда бўлади. Аксинча, бу пулларнинг киритилиши фақатгина инфляцияни кучайтиради ва умумий вазиятни ёмонлаштиради.

Ишончим комилки, манзилли ёрдамни ташкил этишга, иқтисодий фаолликни қўллаб-қувватлашга ва инсонларни иш билан таъминлашга қаратилган, ҳукумат томонидан танланган йўл, бир марталик пул тўловларини аҳолининг барча қисмига тарқатиб юборгандан кўра самаралироқдир.

Тушунарли бўлиши учун бир нечта мисолларни келтираман. Яқиндагина ижтимоий ишлар Фонди ёрдамида аҳоли орасида вақтинчалик бандликни таъминлаш дастури бўйича 230 минг нафар ишсизлар гуруҳи ишга жойлаштирилгани ҳақида маълумот чиқди.

Бундан ташқари, қишлоқ хўжалик кооперативлари яратиш ҳисобига 33 мингдан ортиқ оилалар иш билан таъминланди. Яна 3 минг ишсизлар гуруҳи тадбиркорликни ривожлантириш учун ажратилган маблағлар ҳисобига фаолият турлари билан банд этилди.

Кўриниб турибдики, бу борада ҳукумат келажак учун ишламоқда, янги иш ўринлари яратилиб, бизнес рағбатлантирилмоқда. Буларнинг ҳаммаси тактик ечим учун эмас, балки узоқ стратегик мақсадларга мўлжалланган қарорлардир. Ҳукумат нафақат "оловни ўчирмоқда", балки тизимли муаммоларни ҳам ҳал қиляпти.

Яна бир муҳим жиҳат, юқорида зикр этилган айрим фикрлар фақат боқимандачилик кайфиятини кйчайишига олиб келади. Йиллар давомида, давлатни қоралаш ва шу билан бирга сиз учун ҳамма нарсани кимдир қилишини кутишингиз ноўрин.

Бугунги кунда давлат тадбиркорликни фаоллаштириш учун барча шароитларни яратмоқда, бандликни таъминлаш, фуқароларни касбий қайта тайёрлаш ва қайта ўқитишнинг турли дастурлари амалга оширмоқда, уларга ўз бизнесини йўлга қўйиши учун турли имтиёз ва грантлар тақдим этилмоқда.

Ҳозир ушбу шароитлардан унумли фойдаланиш керак ҳолос. Бундан ташқари, давлат аҳолига «балиқни эмас, балки қармоқни» бериб, уни янада эркин, кимнингдир ҳимоясига муҳтож бўлмаган, аксинча ўзига мустаҳкам бўлишига шароит яратмоқда. Бу кучли фуқаролик жамиятини барпо этиш йўлидаги муҳим жиҳатлардан биридир.

Яна шуни айтаманки, карантин режимини кучайтириш ортидан кўплаб миш-мишларни юзага келтириш ва давлат учун бирон-бир яширин имтиёзларни излаш шунчаки мантиқсиздир.

Аксинча, карантин эълон қилинган илк кунларданоқ давлат иқтисодий ва молиявий харажатларнинг аксариятини онгли равишда ўз зиммасига олди. Буларнинг барчаси эпидемияни олдини олиш ва иқтисодиётга етказиладиган зарарни минималлаштиришга қаратилган.

Биргина даволаш-профилактика тадбирларини ташкил этишга 1,7 триллион сўм ажратилди. Давлат томонидан тадбиркорлар ва фуқароларга берилаётган имтиёз ва преференцияларни умумий қиймати эса қарийб 30 триллион cўмни ташкил этди.

Умуман олганда, кўрилган чора-тадбирларга 6,1 миллиард доллар йўналтирилди. Бу халқаро миқёсда хам жуда катта маблағдир.

Ҳукумат карантин режимини жорий қилиш орқали энг осон йўлни танлади, дейиш нотўғридир. Ҳукумат карантин режимини жорий этиш билан чекланиб қолмади, балки соғлиқни сақлаш тизимини мустаҳкамлашда давом этмоқда. Сунъий нафас олиш мосламалари ва бошқа тиббий асбоб-ускуналар, шахсий ҳимоя воситаларини фаол равишда сотиб олиш билан биргаликда тиббиёт муассасалари янгиланди, янги шифохоналар очилди. Буларнинг барчаси коронавирус билан касалланган беморларни муваффақиятли даволашни таъминлаш, тиббиёт ходимларнинг соғлиғини сақлаш ва Италия, Испания ёки АҚШда бўлгани каби соғлиқни сақлаш тизимида вужудга келиши мумкин бўлган юқори даражадаги босимни бартараф этиш имконини беряпти.

Ҳукумат, шубҳасиз, ЖССТнинг қоидаларига ва соғлом фикрга зид бўлган, ҳозирда Швецияда қаттиқ танқид қилинаётган Швед моделини танлаши мумкин эди. Аммо карантинни биринчи кунлардан бошлаб барча иқтисодий харажатлар бюджетга жуда катта юк бўлишига қарамай, одамлар саломатлиги ва хавфсизлиги устувор эканлиги таъкидланди. Шу муносабат билан, мен фуқаро сифатида бу йўл танланганидан ва бундан оғишмаётганимиздан мамнунман.

Манба