Қонунчилик палатаси Кенгашида Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорликка оид ташкилий масалалар кўриб чиқилди

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг 2020 йил 26 мартда бўлиб ўтган навбатдаги йиғилишида Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорлик билан боғлиқ масала кўриб чиқилди.

Кенгаш йиғилишида мамлакат иқтисодиёти рақобатбардошлигини ва экспорт салоҳиятини ошириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири экани, ушбу мақсадларга эришиш учун халқаро иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш ва жаҳон бозорига интеграциялашув жараёнини жадаллаштириш зарурлиги таъкидланди.

Қуйи палатадаги барча сиёсий партиялар фракциялари вакилларидан иборат ишчи гуруҳи тузилди. Унга Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари А.Саидов раҳбар этиб тасдиқланди.

ЕОИИ билан ҳамкорликнинг миллий иқтисодиётга таъсирини чуқур таҳлил қилиш, қисқа, ўрта ва узоқ муддатли истиқболда миллий иқтисодиёт ривожланишининг устувор йўналишларига мослигини ўрганиш, ҳамкорликнинг ҳар бир иқтисодиёт тармоғига таъсири бўйича ижобий ва салбий таъсир йўналишларини аниқ ёритиб бериш, бошқа халқаро ташкилотлар ва хорижий мамлакатлар билан ҳамкорлик истиқболлари билан ўзаро боғлиқлигини қуйи палатада ҳар томонлама кўриб чиқишни ташкил этиш Ишчи гуруҳининг асосий вазифалари этиб белгиланди.

Шу билан биргаликда, Ўзбекистоннинг ЕОИИ билан ҳамкорлик масаласини ўрганиш бўйича Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан амалга ошириладиган тадбирлар Режаси ҳам тасдиқланди. Унда, жумладан, ушбу масалани сиёсий партиялар фракциялари, қўмиталар йиғилишларида муҳокама қилиш, шунингдек, етакчи экспертлар иштирокида туркум давра суҳбатлари, семинарлар ўтказиш кўзда тутилган. Тадбирлар доирасида фуқаролар ва бизнес-ҳамжамият ўртасида социологик сўровлар ўтказилади. Бир нечта вазирлар, шу жумладан, Ташқи ишлар ҳамда Инвестиция ва ташқи савдо вазирларининг тегишли ахборотларини Қонунчилик палатасида эшитиш кўзда тутилган.

Маълумот ўрнида айтиш жоизки, Евроосиё иқтисодий иттифоқи 2014 йилда Россия Федерацияси, Белорусь Республикаси ва Қозоғистон Республикаси ўртасида тузилган шартнома асосида ташкил этилган халқаро ташкилотдир. Шунингдек, бу Иттифоққа 2015 йилда Арманистон Республикаси ва Қирғизистон Республикаси аъзо бўлиб кирган, 2018 йилдан эътиборан Молдова кузатувчи мақомига эга.

Ташкилотнинг мақсади — аъзо давлатлар аҳолисининг турмуш даражасини ошириш борасида барқарор ривожланинш учун шароитлар яратиш, ЕОИИ доирасида товарлар, хизматлар, капитал ва иш ресурсларининг ягона бозорини шакллантиришга ҳаракат қилиш, глобал иқтисодиёт шароитида миллий иқтисодиётларнинг рақобатбардошлигини ошириш, ҳар томонлама модернизациялаш ва ўзаро кооперация ривожлантиришдир.

Манба