Muslim Women in Travel 2019: Ўзбекистон мусулмон аёл сайёҳлар учун энг қулай мамлакатлар ўнталигидан жой олди

Сингапурда ўтказилаган “Halal in Travel Asia” саммитида  мусулмон аёллар саёҳатига оид “Muslim Women in Travel 2019” ҳисоботи эълон қилинди. “Mastercard” молия ташкилоти ва “CrescentRating” агентлиги томонидан эълон қилинган ҳисоботга кўра, Ўзбекистон Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо мамлакатлар орасида хавфсизлик ва диний бағрикенглик бўйича юқори ўринни забт этган мамлакатлар ўнталигидан жой олган.

Ҳисоботга кўра, мусулмон аёллар саёҳати жаҳон туризм бозорида энг тез ривожланаётган сегментлардан ҳисобланади. Мусулмон ўлкалардаги аёлларнинг даромадлари ошиб бораётгани ва уларнинг таълим даражаси юқори эканлиги уларни саёҳатга чиқишга ундамоқда, дейилади ҳисоботда. Ҳисоботда Ўзбекистоннинг мазкур йўналишда олиб бораётган ишлари ҳақида алоҳида маълумотлар тақдим этилган. Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси в.в.б. Абдулазиз Аққуловнинг таъкидлашича, зиёрат туризми Ўзбекистонда туризмнинг истиқболли турларидан ҳисобланади. Мамлакатга келаётган сайёҳлар орасида мусулмон сайёҳлар сони аввалги йилга қараганда сезиларли даражада ошгани билан ажралиб туради.

Ўзбекистон мусулмон аёл сайёҳларни мамлакатга жалб қилиш бўйича қатор ишларни амалга оширган. Жумладан, индонезиялик мусулмон аёл инфлюенсерлар иштирокида “Muslim Travelers” ва “Hijab Traveling” телекўрсатувлари намойиш этилган. “Биз, мусулмон аёл сайёҳларни янада кўпроқ жалб қилиш мақсадида турли тадбирлар, жумладан, “Рамазон бозори”, либослар кўргазмаси ва ҳалол-туризмга оид фестивалларни ўтказишни режалаштирмоқдамиз” – дейилади интервьюда.

Манба