Мутахассис: мамлакат имижини оширишда туризм асосий омиллардан бири

Тошкент шаҳридаги Симпозиумлар саройида Москва давлат халқаро муносабатлар институти (МДХМИ) битирувчиларининг V халқаро форуми бўлиб ўтди.

Ушбу нуфузли тадбирда 32 мамлакатдан МДХМИ битирувчилари бўлган 450 нафарга яқин ҳукумат ва парламент аъзолари, сиёсатчилар, дипломатлар, йирик хорижий компаниялар раҳбарлари, институт профессор-ўқитувчилари қатнашди.

Форумда Россия Федерацияси Федерал Мажлиси Федерация Кенгаши Раиси ўринбосари И.Умаханов, Россия маданият вазири В.Мединский, Евроосиё банки Директорлар кенгаши аъзоси Ф.Шодиев ва бошқа нуфузли меҳмонлар иштирок этди.

Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг, МДХМИ ректори Анатолий Торкунов Россия Федерацияси Президенти Владимир Путиннинг форум иштирокчиларига йўллаган табригини ўқиб эшиттирди.

"ТАСС" ахборот агентлиги Бош директорининг биринчи ўринбосари М.Гусман МДХМИни ривожлантириш стратегияси бўйича тайёрланган видео тақдимот намойишини эълон қилди.

МДХМИ ўз олдига келажак университетига айланишдек юксак мақсадни қўйган. Бу йўлда амалга ошириладиган ишлар моҳияти таълим тизимини меҳнат бозори билан уйғун, бир бутун ҳолда ривожлантиришда намоён бўлади. Бошқача айтганда, таълим олиш дипломни қўлга киритиш билан якунланиши керак эмас. Битирувчилар кейин ҳам ўз малакасини янада ошириш бўйича олий ўқув юрти билан ҳамкорликни давом эттириш имконига эга бўлади. Бу борада замонавий, рақамли ахборот технологияларидан кенг фойдаланилади.

Форумда Ўзбекистоннинг жаҳон инвестиция харитасидаги ўрнига бағишланган маърузаларга алоҳида эътибор қаратилди. Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Неъматов форум дастурига киритилган масалалар ҳар томонлама жуда фойдали бўлиб, Ўзбекистоннинг бугунги кунда олиб бораётган ички ва ташқи сиёсатига, қолаверса, мамлакатимизда 2019 йилнинг номланишига тўлиқ мос келишини таъкидлади.

“Boston Consulting Group” (BCG) бошқарувчи директори Владислав Бутенко ўз чиқишида Ўзбекистоннинг жуда фойдали сармоялар киритиш нуқтаи назаридан «улкан имкониятлар эшиги» эканини эътироф этди. Мутахассис мамлакатимиздаги бугунги инвестиция муҳитининг таҳлилларига бағишланган тақдимоти давомида йирик инвесторларга Ўзбекистонни яқиндан таништириб, бу ердаги ислоҳотлар ҳар қандай бизнесни ривожлантиришга кенг йўл очиб беришини қайд этди.

Мавзу доирасида Евроосиё банки директорлар кенгаши аъзоси, “Eurasian Resurces Group” компанияси асосчиларидан бири Фаттоҳ Шодиев, Россия Федерацияси «Газпромбанк» АЖ биринчи вице-президенти Дмитрий Шулаков, Ўзбекистон Республикаси Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги директори Отабек Назиров, «Навоий» эркин иқтисодий зонаси раҳбари Ҳабибулла Абдуллаев сўзга чиқди.

Мунозаралар чоғида Ўзбекистонда фонд, капитал, жумладан, қимматли қоғозлар бозорини ривожлантириш, бу борада хориж тажрибасини ўрганиш, илк бор Ўзбекистон еврооблигацияларини халқаро бозорга жойлаштириш, ШҲТда мамлакатимиз фаоллигини янада ошириш каби масалаларга алоҳида урғу берилди. Экспертлар Ўзбекистон хорижий сармоядорлар учун Марказий Осиёдаги асосий истеъмол бозорига айлангани, жаҳоннинг етакчи компаниялари эълон қилган рейтинг натижалари бўйича мамлакатимиз кўрсаткичлари сезиларли даражада кўтарилганини эътироф этди. Сессия якунида Ўзбекистонда минтақавий молиявий марказ тузиш кўзда тутилаётгани айтиб ўтилди.

Форумнинг стратегик эмпатия ва хавфсизлик масалаларига бағишланган шўъба йиғилишида БМТ Бош котибининг сиёсий масалалар бўйича ёрдамчиси Мирослав Йенча маъруза қилгани Ўзбекистон бу борада нечоғли муҳим ўрин эгаллашини англатади.

БМТ, хусусан, ЮНЕСКО мамлакатимизнинг бетакрор тарихий-меъморий ёдгорликларига доимо алоҳида эътибор қаратиб келган. БМТ Бош котиби Антонио Гутерриш 2017 йил Самарқандда Президент Шавкат Мирзиёев билан учрашгандан сўнг Оролбўйи муаммоларини ўз кўзи билан кўриш мақсадида Мўйноққа йўл олганди.

М.Йенчанинг таъкидлашича, айнан Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан Орол фожиаси масаласи халқаро даражага чиқди. БМТнинг жорий йил сентябрь ойида бўлиб ўтадиган саммитида ушбу масала яна кўтарилади. Зеро, Орол фожиаси бугунги кунда бутун инсоният келажагига таҳдид солаётган глобал экологик муаммодир.

Халқаро имиж сиёсатига бағишланган сессияда мамлакатимизнинг бой тарихи ва маданий мероси, ўзбек халқининг буюк аждодлари жаҳон цивилизациясига улкан ҳисса қўшгани ҳақида фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Экспертлар – ЮНЕСКОнинг собиқ бош директори Ирина Бокова, Камбожа Қироллигининг таълим, ёшлар ва спорт ишлари бўйича вазири Н.Ханг Чуон, Москва вилояти маданият вазири Нарин Ширалиева ва бошқалар имиж сиёсатининг аҳамияти, хусусан, халқаро майдонда Ўзбекистон мақомини янада оширишга дахлдор масалаларга тўхталди.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, мамлакат имижини оширишда туризм асосий омиллардан бири ҳисобланади. Мисол учун, бугунги кунда жаҳон ЯИМнинг 10 фоизи, халқаро экспортнинг 30 фоизи туризм ҳиссасига тўғри келмоқда. Дунё бўйича туризмга тегишли даромадларнинг 40 фоизини эса маданий туризм ташкил этади. Бу жуда юқори кўрсаткич. Ўзбекистон маданий туризм бўйича улкан салоҳиятга эга. Тарихий ёдгорликларга жуда бой бу мамлалакатда маданий туризмни ривожлантириш учун қулай шарт-шароит мавжуд, кейинги вақтда виза режими бўйича кенг имкониятлар яратилди.

Анжуман дўстона руҳда, кўтаринки кайфиятда ўтди. Форумнинг сиёсат, хавфсизлик, иқтисодиёт, маданият ва бошқа соҳаларга бағишланган сессиялари ҳам қизиқарли мунозараларга бой бўлди. Меҳмонлар форум юксак даражада ташкил этилганини алоҳида эътироф этди.

Манба: uza.uz