А.Юсупов: мамлакат тараққиётини таъминлашга масъулиятли ва прагматик ёндашув

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга ушбу Мурожаатномасининг муҳим жиҳатларидан бири ижро органлари фаолиятига баҳо беришда Халқ қабулхоналарига келиб тушаётган мурожаатлар таҳлилига асосланиш лозимлигидир. Бу бевосита аҳоли эҳтиёжи ва манфаатларининг давлат ҳокимияти идоралари фаолияти самарадорлигини аниқлашда асосий мезон сифатида қаралаётганини билдиради.

Ушбу йўналишда Президент Ш.Мирзиёев томонидан мутлақо янги тизим ишлаб чиқиш лозимлиги таъкидланди. Бунда жумладан, “ижро ҳокимияти идоралари раҳбарларининг, айниқса ҳокимларнинг ишга ёндашувини тубдан ўзгартириш”, “хокимлар ваколатларини қайта кўриб чиқиш, жумладан, бир-бирини такрорлайдиган жиҳатларга барҳам бериш” ҳамда “иш сифати ва ижро интизоми” масалалари кўрсатиб ўтилди. Шунингдек, вилоят, туман раҳбарлари маҳаллий кенгашлар ва ОАВлари олдида ҳисобот берадиган тизим бўлиши кераклиги таъкидланди.

Мурожаатномада сиёсий партияларнинг ўз электорати билан ишлаш тизимини такомиллаштириш, партияларнинг сиёсий фаоллигини ошириш масалаларига ҳам урғу берилди. Бу борада Президент Ш.Мирзиёев “депутатлар фаолиятининг асосий мезони — халқ ишончи” бўлиши керак, деб таъкидлади. Бу бир томондан, давлат ҳокимияти идораларининг тегишли фаолияти самарадорлиги ва натижадорлиги юзасидан парламент олдида ҳисобдорлигини билдирса, иккинчи томондан, парламентнинг ўз электорати олдидаги масъул эканлигини кўрсатади.

Таъкидлаш керакки, ушбу Мурожаатноманинг туб мазмун-моҳиятини “халқ ишончи”, “натижадорлик” ва “илм-маърифат” каби тушунчалар ташкил қилди. Бу амалда давлат раҳбарининг мамлакат тараққиётини таъминлаш масалаларида прагматик ёндашув тарафдори эканини яна бир бор кўрсатди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги

стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар Институти

бўлим бошлиғи А.Юсупов