Акром Неъматов: Мамлакатимизда мутлақо янгича сиёсий маданият шакллантирилмоқда

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директорининг биринчи ўринбосари Акром Неъматов ЎзА мухбирига давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга Мурожаатномасидан олган таассуротларини гапириб берди:

– Фикримча, Мурожаатномадан келиб чиқадиган асосий хулоса шуки, Президент Шавкат Мирзиёев ҳокимиятнинг халқ билан мулоқот қилишда очиқликка, аҳолини ташвишга солаётган долзарб муаммолар ҳақида очиқ-ойдин гапиришга ва уларни бартараф этишда амалий чора-тадбирлар таклиф этиш учун аниқ ечимлар қабул қилишга асосланган мутлақо янгича сиёсий маданиятни шакллантиришда давом этмоқда.

Бунинг замиридаги энг асосий ғоя шуки, давлатимиз раҳбарининг халққа юксак ва самимий ишончини кўрсатади, аҳолининг барча қатламларига таянишини намоён қилади, шунингдек, Президентимиз оддий фуқароларни интилишларини, уларнинг эҳтиёж ва манфаатларини чуқур ҳис қилишини кўрсатади.

Бундай концептуал, янгича ёндашув, шубҳасиз, халқимизнинг бой маънавий, интеллектуал салоҳиятини намоён қилиш учун барча имкониятларни яратади ҳамда давлат раҳбари белгилаган долзарб вазифаларни ҳал қилишда мамлакат фуқаролари ҳамжиҳатлигини мустаҳкамлаш учун кучли драйвер вазифасини ўтайди.