Самарқандда 10-11 ноябрь кунлари бўлиб ўтадиган “Валдай” Халқаро мунозара клубининг X Осиё конференцияси тўғрисида

Самарқанд шаҳрида 10-11 ноябрь кунлари “Валдай” Халқаро мунозара клубининг X Осиё конференцияси бўлиб ўтади. Жорий йил ўнинчи бор ўтказиладиган мазкур конференция ўтган давр мобайнида минтақавий муаммолар ва умумий глобал таҳдидлар бўйича экспертлар мулоқотини ташкил этиш майдонга айланди.

Бу галги конференциянинг мавзуси – “Марказий Осиё ва Евроосиё: глобал тартибсизликларнинг олдини олиш бўйича кенг қамровли ҳамкорлик”. Клубнинг юбилей тадбирини ўтказиш учун Марказий Осиёдаги етакчи давлатларидан бири бўлган Ўзбекистон танланди. 

Бунда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг қўшни давлатлар томонидан тўлиқ қўллаб-қувватланаётган минтақавий ҳамкорликни янада ривожлантириш сиёсати Марказий Осиёдаги ўзаро муносабатлар муҳитини ижобий томонга ўзгартиргани алоҳида эътиборга олинди.

Бугунги кунда Осиё минтақаси замонавий дунёнинг муҳим геосиёсий марказларидан бирига айланиб, жаҳон иқтисодий ривожланишини таъминлашда алоҳида ўрин тутмоқда. Бу эса конференциянинг аҳамиятини янада оширади.

Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин “Анъанавий Валдай конференцияси – 2019” ялпи сессиясидаги чиқишида Осиё давлатлари ўртасидаги ҳамкорлик тамойиллари хусусида сўз юритаркан, моҳиятан янги дунёвий тартибнинг келажагини тасвирлаб берди. Ўнинчи бор ўтказиладиган мазкур конференция иштирокчилари ҳам жаҳон ва минтақа етакчилари қарашларини таҳлил қилиб, ҳудуднинг келажагига дахлдор ғояларни илгари суришади.

“Валдай“ мунозара клуби 2004 йилда тузилган. Тузилма таниқли халқаро экспертларнинг россиялик олимлар, сиёсатчилар ва давлат арбоблари билан учрашувлари учун қулай платформа сифатида қайд этилади. Клубнинг бугунги кундаги фаолияти, асосан, глобал сиёсий ва иқтисодий жараёнларни тадқиқ этишга йўналтирилган. Ташкил этилган кундан бошлаб клуб ишида 74 мамлакатдан мингдан зиёд эксперт қатнашди.

Нисбатан ёш бўлишига қарамасдан, ушбу мунозара майдони халқаро экспертлар жамоатчилиги томонидан энг нуфузли тузилмалардан бири сифатида тан олинди.

“Валдай“ клуби тадбирлари доирасида дунёда муайян таъсир кучи ва доирасига эга учли экспертлар, таҳлилчи ва мутахассислар тўпланади. Улар муҳим муаммолар ечими бўйича қарорлар ишлаб чиқиш жараёнида иштирок этишади, жаҳон иқтисодиёти ва сиёсатининг долзарб масалаларига оид таклифларни муҳокама қилади.

Бу галги конференцияни ташкил этишда “Валдай“ клубининг мамлакатимиздаги етакчи тадқиқот маркази, халқаро сиёсат, иқтисодиёт ва хавфсизлик масалаларига ихтисослашган Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти ҳамкор ҳисобланади.

“Валдай”нинг Самарқанд шаҳрида ўтадиган конференциясида 11 давлат, жумладан, Ўзбекистон, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Хитой, Ҳиндистон, Тожикистон, Германия, Филиппин, Япония, Швециядан 70 дан ортиқ эксперт иштирок этиши кутилмоқда.

Бу йилги тадбирда илк бор Ғарб давлатларидан вакиллар, жумладан, Франкфуртдаги Дунёни ўрганиш институти мухбир-аъзоси Ханс-Йоахим Шпангер, Уппсаль университети Россия ва Евроосиё тадқиқотлари институти (IRES) доценти Грегори Саймонс, Германия-Россия форуми илмий директори Александр Рар сингари таниқли мутахассислар қатнашади. Осиёнинг энг йирик давлатларидан келадиган экспертлар орасида “Sasakawa Peace Foundation” катта илмий ходими Тайсукэ Абиру, Фудань университети Халқаро тадқиқотлар институти профессори Чжао Хуашэн, Филиппин футурология маркази ижрочи директори Алан Ортиз ва бошқалар бор.

Россия томонидан конференцияда Евроосиё иқтисодиёт комиссияси Протокол ва ташкилий таъминот департаментининг таҳлилий кузатув бўлими бошлиғи Виктор Шахматов, СКОЛКОВО Москва бошқарув мактабининг Евроосиё тадқиқотлари лабораторияси раҳбари Гаухар Нургалиева, “Валдай” Халқаро мунозара клубини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш жамғармаси кенгаши раиси Андрей Бистрицкий, “Валдай” Халқаро мунозара клубини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш жамғармаси илмий ишлар бўйича директори Фёдор Лукьянов, “Валдай” клуби дастурий директори Тимофей Бордачёв ва бошқалар иштирок этади.

Конференцияга мезбон сифатида мамлакатимиздан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби Виктор Маҳмудов, Олий Мажлис Сенатининг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси раиси Алишер Курманов, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси раиси Акмал Саидов қатнашади.

Конференция ишида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори Элдор Арипов, Халқаро муносабатлар ахборот-таҳлил маркази директори Дониёр Қурбонов, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг Халқаро, иқтисодий ва сиёсий тадқиқотлар маркази директори Шерзод Абдуллаевлар экспертлар даражасида иштирок этади.

Конференцияда минтақавий долзарб масалалар жаҳон миқёсидаги йирик эврилишлардан келиб чиқиб муҳокама этилади. Кун тартибига қўйилган масалалар орасида халқаро хавфсизлик ва макроминтақавий барқарорликни ривожлантириш мавзулари муҳим ўрин тутади.

Минтақавий ҳамкорликни биргаликда ривожлантириш, глобал барқарорлик даражасини ошириш йўлларини қидиришга бағишланган шўъба мажлислари ҳам ташкил қилинади. Осиё минтақаси истиқболини белгилашдаги ёндашувлар муҳокамасига алоҳида эътибор қаратилади.

Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги икки томонлама мулоқотлар келажаги алоҳида шўъба мажлисларида муҳокама қилинади. Унда ўзаро алоқаларнинг жорий ҳолати, икки давлат ҳамкорлигининг янги шакл ва йўналишларини топиш масалаларига алоҳида эътибор берилади.