ЎЗБЕКИСТОНДА ДЕМОКРАТИК САЙЛОВ ЎТКАЗИШНИНГ КОНСТИТУЦИЯВИЙ-ҲУҚУҚИЙ КАФОЛАТЛАРИ

Муқаддима

Ўзбекистон Республикаси мустақилликнинг дастлабки кунлариданоқ ўз олдига инсонпарвар демократик ҳуқуқий давлат барпо этиш вазифасини қўйди ва бу вазифа Ўзбекистон Республикаси Конституциясида эълон қилинди.

Конституция Ўзбекистон – суверен демократик республика эканлигини, унда демократия умуминсоний принципларга асосланишини, уларга кўра инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланишини ҳамда демократик ҳуқуқ ва эркинликлар Конституция ва қонунлар билан ҳимоя қилинишини мустаҳкамлаб қўйди.

Конституцияда фуқароларнинг асосий сиёсий ҳуқуқларидан бири сифатида фуқароларнинг жамият ва давлат ишларини бошқаришда иштирок этиш ҳуқуқи назарда тутилган. Чунончи, Конституциянинг 32-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари жамият ва давлат ишларини бошқаришда бевосита ҳамда ўз вакиллари орқали иштирок этиш ҳуқуқига эгадирлар. Бундай иштирок этиш ўзини ўзи бошқариш, референдумлар ўтказиш ва давлат органларини демократик тарзда ташкил этиш йўли билан амалга оширилади.

Конституциямизнинг 43-моддасига мувофиқ давлат фуқароларнинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамланган ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлайди. Бу қоида фуқароларнинг сайлов ҳуқуқини таъминлаш ҳам давлат зиммасида эканлигини англатади.

Шунга асосан давлат сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатлари тизимини яратади ва такомиллаштиради, уларнинг қатъий бажарилишини таъминлайди, фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини бузган шахслар жавобгарлиги юзасидан чоралар белгилайди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ўзининг 2017 йил 22 декабрдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида сайлов қонунчилиги ҳақида тўхталиб, халқаро норма ва стандартларга жавоб берадиган ягона Сайлов кодексини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш лозимлигини белгилаб берган эди. Шунга мувофиқ ишлаб чиқилган Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодекси 2019 йил 25 июнда қабул қилинди. Бу йилги сайлов ягона Сайлов кодекси асида ўтказилаётган биринчи сайловдир.

Демократик сайлов

Давлат ҳокимиятининг вакиллик органларига ўтказиладиган сайловсиз демократик ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамиятини тасаввур қилиб бўлмайди. Сайлов – фуқароларнинг давлат ҳокимияти вакиллик органларини шакллантиришдаги иштирокини таъминловчи ҳуқуқий воситадир. Сайлов халқнинг иродасини ифода этиш шаклларидан биридир, унинг натижасида давлат ҳокимиятининг вакиллик органлари шаклланади. Сайловнинг демократик эканлиги унинг халқаро-ҳуқуқий ҳужжатлар (Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакти, Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг Инсонийлик мезонлари бўйича Копенгаген кенгашининг ҳужжати ва бошқалар) да ифодаланган ва халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган қоида ва принципларини ўзида ифода этган Конституция ва қонунларга мувофиқ ўтказилишида намоён бўлади.

Сайлов ҳуқуқининг асосларига Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг алоҳида – XXIII боби бағишланган. Конституциянинг 117-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси фуқаролари давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлаш ва сайланиш ҳуқуқига эгадирлар.

Ўзбекистон Республикасининг 18 ёшга тўлган фуқаролари сайлаш ҳуқуқига эгадирлар. Сайлов куни 25 ёшга тўлган ҳамда камида 5 йил Ўзбекистон Республикаси ҳудудида муқим яшаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароси Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати аъзоси бўлиши мумкин. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати учун 25 ёшга тўлганлик, вилоят, туман ва шаҳар халқ депутатлари Кенгашлари депутатлари учун эса 21 ёшга тўлганлик талаб этилади.

2017 – 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ фуқароларнинг сайловга оид ҳуқуқларини таъминлашни такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилиб, амалиётга татбиқ этилмоқда. Жумладан, 2019 йил 4 сентябрда қабул қилинган «Сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатлари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Қонун билан Конституциянинг 117-моддасига ижтимоий хавфи катта бўлмаган ёки унча оғир бўлмаган жиноят содир этганлиги учун суднинг ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахсларга ҳам сайлаш ҳуқуқини беришни назарда тутадиган норма киритилди. Бу ўз навбатида сайловни янада демократлаштириш, фуқароларнинг сайлов ҳуқуқини янада кучайтириш соҳасида муҳим қадам бўлди.

Конституцияга мувофиқ суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаролар, шунингдек суд ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахслар сайланиши мумкин эмас.

Суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган, шунингдек оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этганлиги учун суднинг ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахслар сайловда иштирок этмайди. Бошқа ҳар қандай ҳолларда фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини тўғридан-тўғри ёки билвосита чеклашга йўл қўйилмайди.

Сайлов кодексининг 3-моддаси талабига кўра сайлов умумий, тенг, тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш орқали очиқ ва ошкора ўтказилади.

Умумий сайлов ҳуқуқи деганда сайлов куни 18 ёшга тўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг сайлаш ҳуқуқига эга эканлиги, шунингдек фуқароларнинг жинси, ирқий ва миллий мансублиги, тили, динга муносабати, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеи, маълумоти, машғулотининг тури ва хусусиятидан қатъи назар, тенг сайлов ҳуқуқига эга эканлиги тушунилади.

Тенг сайлов ҳуқуқи сайловда иштирок этаётган ҳар бир фуқаронинг битта овозга эга бўлиши билан таъминланади.

Тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи деганда эса, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қонунчилик палатаси депутатлари, маҳаллий Кенгашлар депутатларининг фуқаролар томонидан бевосита сайланиши тушунилади.

Сайловда сайловчилар томонидан эркин ва яширин овоз берилади, уларнинг хоҳиш-иродасини назорат қилишга йўл қўйилмайди.

Сайловга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказишни сайлов комиссиялари очиқ ва ошкора амалга оширади.

Ўзбекистон Республикасида сайловлар кўп партиявийлик асосида амалга оширилади.

Ўзбекистон Рсепубликаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барча сиёсий кучлар учун тенг шароит яратиш мақсадида Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Экологик ҳаракат вакиллари учун махсус – 15 та ўрин ажратиш амалиётидан воз кечилди. Эндиликда Қонунчилик палатаси депутатлигига номзодлар фақат сиёсий партиялар томонидан кўрсатилиши Сайлов кодексида белгилаб қўйилди. Бундай амалиёт нуфузли халқаро ташкилотлар томонидан ҳам ижобий баҳоланмоқда.

Конституциявий-ҳуқуқий кафолатлар

Конституция ва Сайлов кодексида сайлов ҳуқуқининг кафолатлари тизимини яратиш масаласига алоҳида аҳамият берилган.

Сайлов ўтказишнинг муҳим ҳуқуқий кафолатларидан бири Сайлов кодекси 98-моддасида мустаҳкамланган бўлиб, сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ ҳаражатларнинг Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилишидир.

Конституцияга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини, Олий Мажлисга сайловни, шунингдек Ўзбекистон Республикаси референдумини ташкил этиш ва ўтказиш учун Олий Мажлис томонидан фаолиятининг асосий принциплари мустақиллик, қонунийлик, коллегиаллик, ошкоралик ва адолатлиликдан иборат бўлган Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тузилади. Марказий сайлов комиссияси ўзининг фаолиятини Конституция ва қонунларга амал қилган ҳолда доимий асосда мустақил юритади.

Ўзбекистонда сайловчилар сайловда ихтиёрий равишда иштирок этади. Баъзи мамлакатлар (Австралия, Бельгия, Бразилия, Греция, Мексика, Туркия ва бошқалар) нинг сайлов тўғрисидаги қонунларида сайловда иштирок этиш мажбурийдир, яъни фуқаролар сайловда иштирок этмаганлик учун жавобгарликка тортилиши мумкин.

Мамлакатимизда участка сайлов комиссиялари овоз беришни махсус ажратилган биноларда ташкил этиб, фуқароларга хоҳиш-иродаларини эркин ва яширин равишда билдириш имкониятини яратади. Сайловчиларнинг хоҳиш-ирода билдиришларини назорат қилишга йўл қўйилмайди.

Бутун сайлов кампанияси кенг ошкоралик асосида ўтказилади. Тегишли сайлов комиссияларининг сайлов округлари ва участкаларини тузиш, сайлов комиссияларининг таркиби тўғрисидаги, шунингдек депутатликка номзодларни рўйхатга олиш, овоз бериш ва сайлов якунлари ҳақидаги қарорлари матбуотда эълон қилинади.

Сайловчилар сайловда иштирок этаётган сиёсий партиялар ва айрим номзодларнинг келгуси фаолият дастури билан танишиш ҳуқуқига эгадирлар.

Сайлов кодексининг 57-моддасига мувофиқ сайлов куни ўз яшаш жойида бўлиш имкониятига эга бўлмаган сайловчи муддатидан олдин овоз бериш ҳуқуқига эга.

Муддатидан олдин овоз бериш сайловга ўн кун қолганида бошланади ва сайловга уч кун қолганида тугалланади.

Муддатидан олдин овоз беришни амалга ошириш учун сайловчи сайлов кунида бўла олмаслигининг сабаблари (таътил, хизмат сафари, хорижга чиқиш ва ҳоказо) кўрсатилган ариза асосида тегишли участка сайлов комиссиясидан сайлов бюллетенини олади ва уни махсус жиҳозланган яширин овоз бериш кабинасида ёки хонасида тўлдиради.

Айрим сайловчилар соғлиғининг ҳолатига ёки бошқа сабабларга кўра овоз бериш биносига кела олмаган ҳолларда, тегишли участка сайлов комиссияси овоз беришни ушбу сайловчиларнинг илтимосига биноан улар турган жойда ташкил этади.

Ўзбекистонда фуқаролар сайлов ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисидаги қонунчиликнинг халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган нормаларига мувофиқлиги таъминланган. Бунда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ҳужжатлари алоҳида ўрин эгаллайди. Масалан, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 21-моддасига мувофиқ халқ иродаси давлат ҳокимиятининг асоси бўлиши лозим; бу ирода даврий ва сохталаштирилмаган, умумий ва тенг сайлов ҳуқуқидан яширин овоз бериш йўли билан ёки овоз бериш эркинлигини таъминлайдиган бошқа тенг қийматли шакллар воситасида ўтказиладиган сайловда ўз аксини топиши лозим.

Мамлакатимизда сайлов ўтказадиган сайлов комиссиялари қарорлари устидан шикоят қилиниши ҳуқуқи кафолатланган. Чунончи, Сайлов кодексининг 102-моддасига мувофиқ депутатликка номзодлар кўрсатган сиёсий партиялар органлари, депутатликка номзодлар, ишончли вакиллар, кузатувчилар ва сайловчилар сайлов комиссияларининг қарорлари устидан ушбу қарорлар қабул қилинганидан кейин ўн кун ичида юқори турувчи сайлов комиссиясига ёки судга шикоят қилиши мумкин. Марказий сайлов комиссиясининг қарорлари устидан қарор қабул қилинганидан кейин ўн кун ичида Ўзбекистон Республикаси Олий судига шикоят қилиниши мумкин. Шикоят келиб тушганидан кейин уч кун ичида, сайловга камида олти кун қолганида эса дарҳол кўриб чиқилиши керак. Шикоят берган шахслар шикоятни кўриб чиқишда бевосита иштирок этиш ҳуқуқига эга.

Сайлов кодексига мувофиқ сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатларни бузган айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

Масалан, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексида сайлов ёки референдум ташкил қилиш, уларни ўтказиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун (146-модда), сайлов ҳуқуқининг ёки ишончли вакил ваколатларининг амалга оширилишига тўсқинлик қилганлик учун (147-модда) жиноий жавобгарлик белгиланган.

Шундай қилиб, Ўзбекистонда демократик сайлов ўтказишнинг конституциявий-ҳуқуқий кафолатлари тизими халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган қоида ва принципларига, сайлов тўғрисидаги халқаро стандартларга мос келади ва у фуқароларнинг жамият ва давлат ишларини бошқаришда, давлат ҳокимияти вакиллик органларини шакллантиришда иштирок этиш ҳуқуқини эркин амалга оширишга хизмат қилади ҳамда мамлакатимизнинг асосий мақсадига эришиш – демократик ҳуқуқий давлат, кучли фуқаролик жамияти барпо этишга қаратилгандир.

 

Бахтиёр Мирбобоев

Ўзбекистон Республикаси

Конституциявий судининг раиси,

юридик фанлар номзоди, доцент