Германия нашрида Ўзбекистоннинг коронавирусга қарши курашиш тажрибаси ҳақида мақола чоп этилди

Германияда чоп этиладиган «Neue Zeiten» журналининг июнь ойи сонида «Ўзбекистон коронавирус пандемияси шароитида: давлатнинг қўллаб-қувватлови» сарлавҳали мақола чоп этилди. Шу ҳақдаги хабар «Дунё» АА сайтида эълон қилинди.

Ушбу мақолада мамлакатимизда коронавирус инфекцияси кенг тарқалишига қарши курашга самарали ёндашув, шунингдек, айни жараёнда иқтисодиёт тармоқларини қўллаб-қувватлаш, аҳолининг заиф қатламларини ижтимоий ҳимоя қилиш масалалари қамраб олинган.

Нашрда давлат касалликка ташхис қўйиш, вируснинг тарқалиши олдини олиш ва хасталикни даволаш харажатларини тўлиқ ўз зиммасига олганига эътибор қаратилади. Шунингдек, соғлиқни сақлаш тизими имкониятлари, пандемиянинг давлат ва жамият ҳаётига салбий таъсирига қарши туриш учун ишлаб чиқилган молиявий механизмлар самараси кўрсатиб берилади.

Мақолада умумий фонди 10 триллион сўм бўлган Инқирозга қарши кураш жамғармаси маблағларининг фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва иқтисодиёт тармоқларининг барқарор ишлашини таъминлашга йўналтирилаётганига алоҳида эътироф этилган.

«Ушбу фонддан тадбиркорларга имтиёзли кредит шаклида 500 миллиард, иш ўринлари яратиш мақсадида ижтимоий масалаларга 200 миллиард сўм миқдорида маблағ йўналтирилди», - дейилади мақолада.

Шу билан бирга давлатни қўллаб-қувватлашда кенг жамоатчилик ва тадбиркорлар ҳам фаол иштирок этаётгани қайд этилади.

“Улар пандемия даврида ишбилармонлар томонидан аҳолини қўллаб-қувватлаш мақсадида «Саховат ва кўмак» умумхалқ ҳаракатини тузиш ҳақидаги Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг мурожаатига лаббай, дея жавоб беришди”, дейилади журналда чоп этилган мақолада.

Ўз навбатида, давлат фуқароларга ёрдам қўлини чўзаётган тадбиркорларни солиқ тўлашда, лизинг, заём ва бошқа шаклдаги зарур манбалардан фойдаланишда турли имтиёз ва преференциялар бериш орқали қўллаб-қувватлаётгани келтирилади.

Муаллифнинг сўзларига кўра, мамлакатни қамраб олган умуммиллий ҳаракат Ўзбекистон халқининг “COVID-19”га қарши курашдаги бирлиги, бирдамлигини кўрсатди. Президент томонидан пандемия даврида ишлаб чиқилган ривожланиш стратегияси фуқароларнинг мутлақ кўпчилиги томонидан қўллаб-қувватланди. «Ижтимоий фикр» жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан ўтказилган социологик тадқиқотда иштирок этганларнинг 92,3 фоизи юқоридаги фикрни тасдиқлагани ҳам бунга мисол.

Мақоланинг сўнгги қисмида юқори даражадаги ҳушёрликни сақлаш, иқтисодиёт тармоқларини босқичма-босқич жонлантириш, аҳоли бандлиги ва даромадларини ошириш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар билан бир қаторда Ўзбекистон Президенти томонидан карантин талабларини янада юмшатиш бўйича ўтказилган йиғилиш ҳақида ҳам хабар берилган.

“Яқин вақт ичида мингдан ортиқ тадбиркорга ер ва мол-мулк солиғи тўлаш муддатини кечиктиргани учун белгиланган 80 миллиард сўм миқдоридаги жарима бекор қилинади. Президент Шавкат Мирзиёев тадбиркорларга божхона тўловини 120 кунгача кечикиш билан тўлашга рухсат берилишини таъкидлади. Бундан ташқари, айланма маблағларни тўлдириш учун тадбиркорларга берилган 500 миллиард сўмгача (илгари бундай ёрдам 10 миллиард сўмгача эди) бўлган кредитлар бўйича компенсация миқдори 5 фоиздан 10 фоизгача оширилади. Умуман олганда, иқтисодиёт ва фуқароларни қўллаб-қувватлаш учун бюджетдан 2 триллион сўмдан кўпроқ маблағ ажратилади», дея якун ясалади нашрдаги мақолага.

Манба