Бельгия эксперти: Европа Иттифоқи Марказий Осиё мамлакатлари билан “яшил” ва рақамли иқтисодиёт йўналишида ҳамкорлик қилишдан манфаатдор

Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати ҳамда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ҳамкорлигида «Пандемиянинг Марказий Осиё мамлакатларига таъсири: дастлабки сабоқлар, коронавирус инқирози ва ўзгариш истиқболлари» мавзусидаги халқаро илмий-амалий видеоконференция бўлиб ўтди.

Бош қароргоҳи Брюсселда жойлашган Европа Осиё тадқиқотлари институти катта илмий ходими Альберт Туркстра пандемия шароитида Европа Иттифоқи билан Марказий Осиё ўртасидаги ҳамкорлик истиқболлари, тадбир аҳамияти ҳақида “Дунё” АА мухбирига қуйидагиларни сўзлаб берди.

– Бугунги шароитда Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё муносабатлари истиқболлари ҳақида сўз борганда, томонлар устувор йўналишларига, Европа Иттифоқининг минтақа бўйича янги стратегиясига мос келадиган учта йўналишга эътибор қаратиш керак. Бу – “яшил” тикланиш, рақамли тикланиш ва хусусий секторни тиклаш.

Пандемия барқарор иқтисодий моделларга тезроқ ўтиш зарурлигини кўрсатди. Европа Иттифоқида “Яшил битим” мавжудлигини ҳисобга олган ҳолда, Марказий Осиё билан муносабатлар истиқболида “яшил иқтисодиётни ривожлантириш” бўйича ҳамкорлик устуворлик касб этишини таъкидлаш жоиз.

Шунингдек, коронавирусдан кейинги даврда иқтисодиётни тиклашда муҳим роль ўйнайдиган рақамли технологиялар соҳасида ҳамкорлик учун томонларда катта, шу билан бирга, фойдаланилмаган салоҳият мавжуд.

Бундан ташқари, пандемия кўпроқ таъсир кўрсатадиган хусусий секторда кичик ва ўрта корхоналарни қўллаб-қувватлаш муҳим. Ўзбекистон кичик ва ўрта бизнеси эса Европа Иттифоқи мамлакатларида ишлаб чиқариш ва етказиб бериш занжирларида иштирок этиш имконига эга.

Шу боис айтиш мумкинки, Европа Иттифоқи минтақалараро иқтисодий форумлар ўтказиш, шу орқали Европа ва Марказий Осиё хусусий секторлари ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйишни қўллаб-қувватлаши мумкин.

Манба