Тошкент Халкаро Вестминстер университетида давра суҳбати бўлиб ўтди

2018 йил 30 январь куни Тошкент Халкаро Вестминстер университети «Ўзбекистон Республикасининг инвестицион жозибадорлигини ошириш» мавзусида давра сухбати бўлиб ўтди. Тадбир Ўзбекистон Республикаси Президенти хузуридаги Стратегик ва минтакалараро тадкикодлар институти (СМТИ) билан ҳамкорликда ташкил этилди. Унда университет битирувчиларининг профессор-ўкитувчилар, магистрантлари ва талабалари, шунингдек, СМТИ ходимлари иштирок этдилар.

Давра суҳбатида Ўзбекистон ҳукумати томонидан хорижий инвестициялар ва технологияларни жалб қилиш бўйича янги ғояларни ишлаб чиқиш ва муҳокама қилиш орқали миллий иқтисодиётнинг жадал ривожланишини таъминлашга қаратилган саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилди.

Хусусан, тадбирда қуйидаги долзарб масалалар муҳокама қилинди:

  1. Мамлакатда хорижий капитални жалб қилиш ва уни сақлаб қолиш учун энг самарали механизмларни қўллаш бўйича халқаро тажриба.
  2. Ўзбекистон Республикасида инвестициялар оқимини чекловчи асосий муаммолар ва омиллар.
  3. Ўзбекистон иқтисодиётининг устувор тармоқларини потенциал инвесторларни жалб қилиш, жалб қилинган молиявий ресурслардан фойдаланиш усулларини аниқлаш.
  4. Чет эл инвесторлари учун мамлакатнинг жозибадорлигини ошириш мақсадида солиқ тизимини такомиллаштириш йуллари.

«Фаол тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, инновацион ғоялар ва технологиялар йили» Давлат дастури доирасида Ўзбекистон Республикасининг бешта устувор йўналишларини ривожлантириш стратегиясининг иккинчи босқичини амалга оширишнинг амалий жиҳатларини кўриб чиқишга алоҳида эътибор қаратилди.

Ташкил этилган давра суҳбати Ўзбекистоннинг етакчи илмий тадқиқот марказлари ва олий ўқув юртлари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга ёрдам беради. Мамлакатнинг ички ва ташқи сиёсатини амалга ошириш бўйича ахборот ва таҳлил килиш учун истиқболли ёш мутахассисларни ўқитиш соҳасидаги ҳамкорликни йўлга қўйиш имконини беради.