Германиянинг Фридрих Эберт ва Конрад Аденауэр номидаги сиёсий фондлари вакилларининг Термиз шаҳрига ташрифи

9-10 март кунлари Германиянинг Фридрих Эберт ва Конрад Аденауэр номидаги етакчи сиёсий фондларининг минтақавий идоралари раҳбарлари Термиз шаҳрига ташриф буюришди.

Ф.Эберт номидаги Фонд – Социал-демократик партия билан боғлиқ Германиянинг сиёсий фонди ҳисобланади. Фонд 1925 йилда Германиянинг биринчи демократик йўл билан сайланган президенти Фридрих Эберт сиёсий мероси сифатида ташкил этилган.

К.Аденауэр номидаги Фонд – Христиан-демократик иттифоқи партияси билан боғлиқ сиёсий фонд. У 1964 йилдан буён Германиянинг биринчи канцлери номи билан аталади. Фонд – сиёсий таълим, Европада интеграцияни қўллаб-қувватлаш, санъат ва маданият масалалари билан шуғулланади.

Ушбу ташриф Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги стратегик ва минтақалараро институти ҳамда Ташқи ишлар вазирлиги томонидан ташкиллаштирилган бўлиб, германиялик мутахассисларни Афғонистон билан ҳамкорликни кенгайтириш ва чуқурлаштириш мақсадида Сурхондарё вилоятида замонавий инфратузилмаларни ташкил этиш ва ривожлантириш бўйича олиб борилаётган кенг кўламли ишлар билан таништириш мақсадида ташкил қилинди.

Шу жумладан, германиялик меҳмонлар учун Термизда фаолият юритаётган Афғонистон фуқароларини ўқитиш Таълим маркази, «Термиз-Карго» халқаро логистика маркази ҳамда «Термиз-Ҳайратон» халқаро назорат пункти фаолияти ва салоҳиятининг тақдимоти бўлиб ўтди. Шунингдек, Ўзбекистон ва Германия ҳамкорлигининг истиқболли йўналишлари бўйича атрофлича фикр алмашилди.

Ҳозирги кунда Германия Афғонистоннинг асосий ҳамкорларидан бири бўлиб, Япония ва АҚШдан кейинги энг йирик донор саналади. 2002 йилдан 2016 йилга қадар Германия Афғонистонни тиклаш учун
4 миллиард еврога яқин маблағ ажратган. Бугунги кунда Германия Федератив Республикасининг Афғонистонга йиллик кўмаги 500 млн. еврони ташкил қилади. Бундан ташқари Германия Афғонистондаги, айниқса шимолий ҳудудларидаги ҳарбий-сиёсий вазиятни барқарорлаштиришга катта ҳисса қўшмоқда.

Хусусан, Ўзбекистон билан чегарадош Балх вилоятида германиялик 1300 нафар ҳарбий хизматчилар жойлашган бўлиб, улар Афғонистон қуролли кучлари ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари вакилларига ўқув-машғулотлари ўтказиб келишмоқда.

Ўзбекистон ва Германия Марказий Осиёдаги минтақавий хавфсизлик масалалари бўйича умумий қарашларга эга. Хусусан ГФР Ўзбекистоннинг Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштиришга қаратилган ташаббусларини қўллаб-қувватлайди. Ўзбекистон ва Германия Афғонистондаги вазиятни фақатгина музокаралар орқали ҳал қилинишини тарафдори бўлиб, ушбу давлатни ижтимоий-иқтисодий ривожланишига салмоқли ҳисса қўшишмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Афғонистонга нисбатан янги ташқи сиёсати очиқлик, яхши қўшничилик, ўзаро хурмат ва манфаатларни эътиборга олиниши тамойилларига асосланган бўлиб, икки томонлама алоқаларнинг сезиларли даражада кенгайишига хизмат қилди. Ушбу сиёсатнинг муҳим қисми сифатида Тошкентнинг Афғонистонда тинчликка эришиш жараёни ва мамлакатнинг иқтисодий тикланишига кўмак берадиган кўп томонлама механизмларда фаол иштироки этиши ва Ўзбекистоннинг Қобулнинг минтақавий иқтисодий жараёнларга фаол жалб қилинишини қўллаб-қувватлашини айтиб ўтиш мумкин.

Шу билан бирга, Ўзбекистон ушбу йўналишда ўз саъй-ҳаркатларини амалга оширишда Германия билан яқиндан хамкорлик қилиб келмоқда. Жумладан, Афғонистондаги можарони ҳал қилиш масалалари 2019 йилда Шавкат Мирзиёенинг Германия канцлери А.Меркел ва ушбу мамлакат Президенти Ф-В.Штайнмайер билан Тошкентда булиб ўтган юқори даражадаги музокараларда ҳар томонлама мухокама қилинди.

Такидлаш лозимки, 29 февралда Доха шаҳрида АҚШ ва «Толибон» харакати ўртасида тузилган тинчлик шартномасидан сўнг, Германиянинг Афғонистон ва Покистон бўйича махсус вакили М.Потцел Афғонистонда тинчлик ўрнатишда Ўзбекистоннинг муҳим ўрин тутишини ва Берлин узоқ йиллар давомида Афғонистон бўйича Тошкент билан ҳамкорлик қилиб келаётганини таъкидлади. М.Потцелнинг фикрига кўра, айнан Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан Афғонистонда тинчлик ўрнатишга қаратилган халқаро конференция ташкил этилди.

Германиянинг етакчи сиёсатшуноси ва Марказий Осиё бўйича мутахассиси Гюнтер Кнабе Ўзбекистоннинг Афғонистондаги вазиятни тинч йўл билан ҳал этиш борасидаги сай-харакатларини изоҳлар экан, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ушбу йўналишда   сиёсий ва дипломатик тадбирларни амалга оширишда қўшган улкан ҳиссасини алоҳида таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, АҚШ ва «Толибон» ўртасида тинчлик шартномасининг имзоланиши Ўзбекистон раҳбарининг Афғонистондаги инқирозни сиёсий йўл билан ҳал этишнинг муқобили йўқлиги тўғрисидаги фикрларнинг нечоғлик тўғри эканлигини яна бир бор тасдиқлади.

Шуни таъкидлаш керакки, Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Президенти этиб сайланганидан сўнг, Афғонистон билан ҳамкорлик янги босқичга кўтарилди. Жумладан, 2015 йил билан таққослаганда 2019 йил охирида Ўзбекистон ва  Афғонистон ўртасидаги савдо ҳажми 28,2% ошди ва 617,6 миллион долларни ташкил этди. Ушбу даврда Ўзбекистоннинг экспорти 444,4 миллиондан 614,7 миллион долларга кўтарилди.

Афғонистон товарларининг ва хизматларининг ўзбек бозорига импорти сезиларли даражада (5 баравар) ошди ва 600 минг доллардан 3 миллион долларгача кўтарилди.

Шу билан бирга Ўзбекистонга етказиб берилаётган товарларнинг турлари кенгайди. Илгари Ўзбекистоннинг Афғонистондан импорти асосан транспорт хизматлари ҳисобига шаклланган (95%). Бугунги кунда эса Ўзбекистон бозорига озиқ-овқат маҳсулотлари, дарахтлар ва ўсимликлар, мўйна хом ашёлари, механик ускуналар, қурилиш материаллари, чорва моллари (қўй ва ечкилар) кириб келмоқда. Бу, ўз навбатида Афғонистон Ислом Республикаси миллий иқтисодиётини ривожлантиришда муҳим туртки бўлади.

Савдо-иқтисодий алоқаларнинг жадал ривожланиши давлатлар ўртасидаги темир йўл транспортида юк ташиш ҳажмининг ўсишига олиб келди ва улар 2019 йил якунларига кўра 10 фоизга ўсиб, 1,1 миллион тоннага етди. Икки томонлама муносабатларнинг ривожланишини 2019 йилда йўловчилар ташиш ҳажмининг 19,7 фоизга (294,4 минг киши) ошгани мисолида ҳам кўришимиз мумкин.

Йилдан-йилга Афғонистондан Ўзбекистонга  келаётган сайёҳлар сони ҳам ошмоқда. Хусусан, 2019 йил якунларига кўра Ўзбекистонга келган Афғонистонликг сайёҳларнинг сони 62,5 минг кишини ташкил этди. Қолаверса шу йилнинг январ ойида Афғонистондан 4559 нафар фуқаро Ўзбекистонга ташриф буюрди, бу эса 2019 йилнинг шу даврига нисбатан 28,3 фоизга кўпдир.

«Термиз Карго» халқаро логистика марказининг ташкил этилиши икки томонлама ҳамкорликни кенгайтиришдаги муҳим амалий қадам бўлди. «Термиз Карго» Сурхондарё вилояти Термиз туманида Афғонистон билан чегарада жойлашган йирик логистика терминали бўлиб, икки мамлакат ўртасида экспорт-импорт ва транзит юклар оқимини кенгайтиришга ва товарларни Европа ва Осиё бозорларига чиқиш имкониятларини оширишга хизмат қилади.

Транспорт ва энергетика соҳасидаги ҳамкорликни фаоллаштириш Ўзбекистон ва Афғонистон алоқаларининг устувор йўналиши ҳисобланади. Хусусан, Афғонистон Президенти А.Ғанининг 2017 йил декабрида Ўзбекистонга ташрифи чоғида «Сурхон-Пули Хумри» электр узатиш линияси ва «Мазори-Шариф-Ҳирот» темир йўлини қуриш тўғрисида келишувларга эришилган.

Энергетика соҳасидаги ҳамкорлик ҳақида сўз юритганда, шуни ҳам алоҳида таъкидлаш керакки, 2002 йилга нисбатан Ўзбекистондан Афғонистонга электр энергиясини етказиб бериш бугунги кунда 30 баробарга ошди. Шу билан бирга, 2018 йилнинг январ ойидан бошлаб Ўзбекистон Афғонистонга етказиб берилаётган электр энергияси нархини 7 дан 5 центгача пасайтирди.

«Сурхон-Пули Хумри» электр узатиш линиясининг ишга тушурилиши Афғонистона энергия тақчиллиги муаммосини ҳал этишга ва янги корхоналар ва иш ўринлари яратишга ёрдам беради. Хусусан, электр узатиш линияси кунига 24 млн. кВ/ соат (йилига 6 миллиард кВ/ соатгача) қувватига эга бўлиб, бу Афғонистонга Ўзбекистондан экспорт қилинаётган электр энергиясини ҳажмини 4 миллиард кВ/соатгача ошириб, 10 миллионга яқин уй хўжаликларини электр энергия билан таъминлашга хизмат қилади.

Ўз навабатида «Мозори-Шариф – Ҳирот» темир йўл қурилиши Афғонистон иқтисодини тикланишига салмоқли ҳисса қўшади. Дастлабки маълумотларга кўра, темир йўл фойдаланишга топширилгандан кейин Афғонистоннинг ташқи савдо айланмаси 50%га ошади, юкларни транзит қилишнинг тахмин қилинган ҳажми темир йўл фаолиятининг биринчи йилида 5,3 миллион тоннани, кейинчалик эса йилига 15 миллион тоннани ташкил қилади. Темир йўл ишга туширилиши натижасида Афғонистонда 30 мингга яқин киши иш билан таъминланади, транзитдан йиллик даромад эса 400 миллион долларни ташкил этади.

Афғонистон фуқароларининг таълим олиш масаласи мамлакатда  хавфсизлик ва барқарорликни ўрнатишда муҳим ўрин тутишини инобатга олган ҳолда 2018 йил январ ойида Термизда Таълим маркази очилди. Мазкур марказда афғон ёшлари учун олий таълимнинг 17 йўналиши ва ўрта-махсус касбий таълимнинг 16 йўналиши бўйича таълим олиш имкониятлари яратилди.

Бугунги кунга қадар Марказда 136 афғон талабалари таҳсил олишди, улардан 96 нафари ўзбек тили ва адабиёти бўйича бакалавр даражасини олди, 40 нафари рус тили, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш ва тадбиркорлик бўйича қисқа муддатли курсларда малакаларини оширишди. Ҳозирги кунда Марказда «ўзбек тили ва адабиёти», «акушерлик ва ҳамширалик иши», «қуруқликдаги транспорт тизими ва улардан фойдаланиш» бўйича 172 нафар талаба ўқимоқда, улардан 46 нафарини қизлар ташкил этади.

Таъкидлаш жоизки, Марказда афғон фуқаролари учун ўқув дастур билан бир қаторда тикувчилик, сартарошлик, гилам тўқиш, ҳайкалтарошлик ва бошқа талаб юқори бўлган касбларни ўргатиш бўйича тўгараклар ташкил этилган. Бу бир томондан талабаларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш имконини берса, бошқа томондан келажакда қўшимча даромад ишлаб топишда фойдаланиш мумкин бўлган кўникмаларни эгаллаш имконини беради.

Бундан ташқари, афғонистонликларнинг эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда чет эллик ҳамкорлар билан биргаликда қисқа муддатли курсларни ташкил этиш режалаштирилмоқда. Хусусан Хитой билан Афғонистон қишлоқ хўжалиги вазирлигининг ходимларини ўқитиш, АҚШ билан афғон муҳандисларининг йўл қурилиши ва ундан фойдаланиш, ҳамда Афғонистон полициясининг ходимларини наркотик моддаларининг ноқонуний айланишига қарши курашиш буйича малака ошириш юзасидан музокаралар олиб борилмоқда.

Европа иттифоқи мамалакатлари, хусусан Германиянинг молиявий кўмаги асосида афғонистонлик мутахассислар, шу жумладан тиббиёт соҳасидаги ходимларни Таълим марказида ўқитиш масаласи ҳам кўриб чиқилмоқда. Германия ушбу мақсадлар учун 17,5 миллион евро ажратди.

Германия делегациясига ҳамроҳлик қилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг Aфғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Иргашев, Афғонистонда транспорт, энергетика, савдо, инвестиция ва таълим соҳасида йирик лойиҳаларини амалга оширишда минтақадаги ва дунёдаги етакчи давлатларнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш Афғонистонда узоқ муддатли тинчлик ва барқарорликка қисқа муддатда эришишнинг заруруий шарти эканлигини таъкидлаб ўтди. Бугунги кунда Ўзбекистон Афғонистонда хавфсизлик ва барқарор ривожланишни таъминлашда муҳим бўлган барча соҳаларда хорижий ҳамкорлар билан қўшма лойиҳаларни амалга оширишда барча зарур имкониятларга эга.

Шу муносабат билан, И.Иргашевнинг сўзларига кўра Термиз сафари давомида Афғонистон йўналишида иккитомонлама ҳамкорликнинг истиқболларига алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, Термиздаги Таълим марказида афғон мутахасисларини тайёрлаш ва ўқитиш, «Термиз Карго» халқаро логистика маркази имкониятларидан биргаликда фойдаланиш, «Термиз» иқтисодий эркин ҳудудида қўшма корхоналарни ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.

Германиянинг Ф.Эберт ва К.Аденауэр фондларининг Марказий Осиёдаги раҳбарлари Р.Хайне ва К.Мор Ўзбекистоннинг Афғонистонга кўрсатаётган ижтимоий-иқтисодий кўмак бериш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ишларни юқори баҳолаб, ушбу соҳада ўзаро манфаатли ҳамкорликни ўрнатишдан манфаатдор эканликларини алоҳида таъкидладилар. К.Морнинг сўзларига кўра, бугунги кунда дунёда, шу жумладан Германияда, Афғонистонда содир этилаётган террорчилик ҳаракатлари ва давом этаётган кўп йиллик уруш тўғрисида маълумотлар кўп тарқалган. Натижада жаҳон ҳамжамиятида ушбу мамлакатга нисбатан доимий таҳдид манбаи сифатида бир томонлама қараш фикри шаклланди. Бу бир томондан, одамларни Афғонистонда узоқ кутилган тинчликка эришиш умидидан маҳрум қилади, иккинчи томондан, ушбу мамлакатдаги можарони ҳал этиш бўйича дунё ҳамжамиятининг саъй-ҳаркатлари бефойда  эканлиги ҳақидаги фикрни шакллантиради.

Аммо, К.Мор бугунги кунда Ўзбекистонлик шериклари шарофати билан Афғонистоннинг бошқа бир бир ижобий томондан кўриш имкониятига муяссар бўлганликларини айтиб ўтди. Унинг таъкидлашича, «Таълим марказидаги афғон талабалари билан суҳбат чоғида биз афғон ёшлари билим олишга интилишини, Афғонистонда тинчлик ва барқарор ривожланишни таъминлашда муносиб ҳисса қўшишга тайёрлигини кўрдик. Бу Афғонистоннинг тинч келажагига умид, ишонч бағишлайди ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ушбу урушдан азият чеккан мамлакатни тинч йўл билан қайта тиклашда халқаро ҳамжамиятнинг саъй-ҳаркатларини бирлаштириш борасидаги ташаббусларининг долзарблигини яна бир бор таъкидлайди».

Бундан ташқари немис экспертларининг фикрига кўра, Ўзбекистоннинг Афғонистонда можарони ҳал этишда афғон миллий иқтисодиётини тиклашга ҳар томонлама ёрдам бериш, тинч йўл билан миллий келишувга эришиш ва Афғонистонни минтақавий иқтисодий алоқаларга жалб этиш буйича принципиал ёндашуви мақтовга лойиқ ва юқори баҳога муносиб бўлиб, дунёнинг турли минтақаларида юз бераётган низоларни ҳал этиш нуқтаи-назаридан катта илмий-амалий қизиқиш уйғотади.

Ташриф чоғида меҳмонлар шаҳарнинг бой тарихий мероси билан танишиш мақсадида Термиз археологик музейига ташриф буюришди. Термиз Марказий Осиёнинг энг қадимий шаҳарларидан бири ҳисобланади. Бугунги кунда музейда сақланаётган қадимий Юнон-бақтрия, Кушон даврларига тегишли ноёб меъморий ёдгорликлар бунга ёрқин мисол бўлади. Музей Термиз шаҳрининг 2500 йилиги муносабати билан очилган бўлиб, унда 27 мингга яқин экспонатлар сақланади. Шунингдек музейда улкан расмлар тўплами ва антик ҳайкаллар мавжуд.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директорининг биринчи ўринбосари А.Неъматов бугунги кунда Ўзбекистон ва Германия таҳлилий марказлари ўртасида самарали ҳамкорлик йўлга қўйилганини алоҳида таъкидлаб ўтди. Хусусан доимий равишда минтақавий ва халқаро хавфсизликка бағишланган турли учрашувлар, давра суҳбатлари, семинарлар ва конференциялар ўтказилмоқда. Бунга тасдиқ сифатида шу йилнинг июн ойида Тошкентда К.Аденауэр фонди билан биргаликда Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш ва ижтимоий-иқтисодий  лойиҳаларни амалга ошириш бўйича Афғонистон, Покистон ва Германия вакиллари иштирокида халқаро семинар ўтказилиши режалаштирилганини айтиб ўтилди.

Бундан ташқари жорий йилнинг сентябрь ойида Фонд кўмаги асосида Брюссель ва Берлин шаҳарларида Марказий Осиёнинг барқарор ривожланиши ва минтақада Европа иттифоқи  сттратегиясини амалга оширишда самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари юзасидан давра суҳбатлари ташкил этиш режалаштирилган. Бундай учрашувлар шубҳасиз Марказий Осиёда хавфсизликни таъминлаш бўйича ҳар томонлама чуқур ўйланган ва таҳлилий тадқиқотларга асосланган таклифларни ишлаб чиқиш имконини беради.

А.Неъматов таъкидлаганидек, К.Аденауэр ва Ф.Эберт фондларининг минтақавий ваколатхоналари раҳбарлари иштирокида Термизга ташкил этилган ташриф Афғонистонни ижтимоий-иқтисодий ривожланишига, ҳамда унинг Марказий Осиёдаги иқтисодий ва транспорт соҳасидаги интеграция жараёнларига қўшилишига қаратилган Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги кўп қиррали муносабатларни янада мустаҳкамлашга ҳисса қўшди.