АҚШ элчиси билан учрашув

СМТИда АҚШнинг Ўзбекистондаги янги элчиси Д.Розенблюм билан учрашув бўлиб ўтди. Учрашувда Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги икки томонлама ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва ривожланиш истиқболлари муҳокама қилинди.

Суҳбат чоғида Д.Розенблюм Ўзбекистоннинг қўшни мамлакатлар билан яхши ва дўстона муносабатларни мустаҳкамлашга қаратилган прагматик ва конструктив ташқи сиёсатини юксак баҳолади. Элчининг фикрига кўра, минтақавий ҳамкорликни фаоллашиши ва бунинг натижасида Марказий Осиёда юз бераётган ижобий ўзгаришлар халқаро ҳамжамият эътиборини тортмоқда.

Шу билан бирга Д.Розенблюм Ўзбекистоннинг Афғонистондаги инфратузилма лойиҳаларни амалга оширишдаги улкан ҳиссасини алоҳида эътироф этди. Хусусан, у электр узатиш линиялари ва темир ёълларнинг қурилиши Афғонистонни ижтимоий-иқтисодий тиклашда иштирок этаётган барча томонларга шубҳасиз фойда келтиришига ишонч билдирди.

Учрашувда шунингдек, Ўзбекистон ва АҚШ ўзаро манфаат ва ҳурмат асосида қурилган кенг ва кўп қиррали муносабатларни ўрнатишда катта муваффақиятларга эришганлиги таъкидланди. Сиёсий, савдо-иқтисодий, молиявий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда муносабатларни янада кенгайтиришдан икки томон манфаатдор эканлиги қайд этилди.

Суҳбат якунида томонлар икки мамлакат илмий марказлари ўртасидаги алоқаларни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди. Америкалик дипломат Ўзбекистон ва АҚШнинг тадқиқот институтлари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш ва янада ривожлантиришга тайёрлигини билдирди.