СМТИда давра суҳбати

СМТИда Беларус Стратегик тадқиқотлар институти (БСТИ) мутахассислари иштирокида давра суҳбати бўлиб ўтди. Тадбир шу йил июль ойида Минскда имзоланган СМТИ ва БСТИ ўртасидаги 2019-2020 йилларга мўлжалланган икки томонлама  ҳамкорлик доирасидаги қўшма тадбирлар режасига мувофиқ ташкил этилди.

Тадбирда Халқаро муносабатлар Ахборот-таҳлил маркази, «Тараққиёт стратегияси» маркази, Иқтисодий тадқиқотлар маркази,  шунингдек, Беларуснинг Тошкентдаги элчихонаси ходимлари иштирок этдилар.

Тадбир давомида Ўзбекистон-Беларус муносабатларининг бугунги ҳолати ва истиқболлари Марказий Осиёдаги ҳозирги вазиятдан келиб чиққан ҳолда  муҳокама қилинди.

Қатнашувчилар ушбу тадбир Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил август ойида Беларус Республикасига биринчи расмий ташрифи доирасида икки мамлакат раҳбарлари ўртасида эришилган келишувларнинг мантиқий давоми эканлигини таъкидлаб ўтишди. Унинг якунлари бўйича 11 та ҳукуматлараро ва идоралараро битимлар имзоланган эди.

Бу ўринда Минскда Белоруссия ва Ўзбекистон биринчи минтақавий форумининг ўтказилиши Ўзбекистон-Белорусия ҳамкорлигини ривожлантиришга кучли туртки берганлиги ва натижада тиббиёт, қишлоқ хўжалиги, ахборот технологиялари соҳасида қизиқарли лойиҳалар амалга оширилганлиги алоҳида таъкидлаб ўтилди.

Томонлар ўртасида АКТ соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ҳамкорлик алоқалари қисқа вақт ичида ўз самарасини кўрсата бошлади. Шу йилнинг сентябрь ойида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Арипов Белоруссиянинг ИТ технологиялари соҳасидаги бир гуруҳ етакчи мутахассисларини қабул қилди. Шу билан бирга, Белкоммунмаш томонидан ишлаб чиқарилган биринчи электр автобус Тошкент кўчаларида синовдан ўтказилмоқда.

Тошкент трактор заводида МТЗ тракторлари, шунингдек нафақат Ўзбекистон, балки Афғонистон ва Покистон бозорларининг эҳтиёжларини қондириш учун дори-дармон ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш истиқболли йўналиш ҳисобланади.

Икки мамлакат ҳамкорлик алоқаларини янада чуқурлаштиришнинг ушбу ва бошқа мавзулари, шунингдек, янги истиқболли йўналишларини излаш Ўзбекистон ва Белоруссиянинг етакчи таҳлил марказлари мутахассислари мулоқоти марказида бўлди.

Бундан ташқари, Белоруссиялик мутахассисларнинг ташрифи давомида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати ва Қонунчилик палатасида, Марказий сайлов комиссиясида, Ўзбекистон Либерал-демократик партиясида, Тараққиёт стратегияси марказида, Юксалиш миллий ҳаракатида, Тошкент давлат шарқшунослик институтида, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясида учрашувлар бўлиб ўтиши режалаштирилган.

Маълумот учун: БСТИ жорий йилнинг февраль ойида ташкил этилган бўлиб, унинг асосий фаолияти Белоруссия давлат органларига ташқи ва ички сиёсатнинг стратегик соҳаларида ахборот ва таҳлилий ёрдам кўрсатишдан иборат. Шуниси эътиборга лойиқки, СМТИ БСТИнинг биринчи хорижий ҳамкори бўлди. Белоруссия институти ташкил этилгандан кейин ўтган қисқа вақт ичида СМТИ ва БСТИ ўртасида жуда илиқ муносабатлар ўрнатилди. Икки Институт раҳбарияти даражасида учта учрашув бўлиб ўтди.