Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги парламентлараро алоқалар мустаҳкамланмоқда

Германияга иш сафари доирасида, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси раиси А.Курманов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Германия Бундестаги раҳбарияти ва Германия Федерал канцлери идорасида учраш ўтказишди.

Бундестаг вице-президенти Х.-П.Фридрич Германия парламенти Ўзбекистон ва Германия Федератив Республикаси ўртасидаги парламентлараро алоқаларни кенгайтиришга катта аҳамият беришини таъкидлади.

Унинг сўзларига кўра, сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги муносабатлар чуқур стратегик шериклик даражасига кўтарилди, бу икки томонлама ҳамкорликнинг барча соҳаларида, биринчи навбатда, парламентлараро алоқаларда яққол кўзга ташланмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг жорий йилнинг январ ойидаги юқори даражадаги ташрифи доирасида Бундестаг раиси В.Шайбле билан учрашуви, Германия парламенти аъзоларининг, Ўзбекистон билан барча масалалар бўйича кўп қиррали алоқаларни мустаҳкамлашга бўлган қизиқишининг исботидир.

Ф.Фридрих Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган парламент сайловлари мамлакатни демократик янгилаш ва сиёсий модернизация қилиш шароитида муҳимлигини таъкидлади. Ўз навбатида Ўзбекистон делегацияси Германия томонининг Бундестаг депутатларини мамлакатдаги парламент сайловларига, шу жумладан ЕХҲТ миссияси таркибида кузатувчи сифатида юбориш тўғрисидаги қароридан мамнун эканлигини билдиришди.

У парламентлараро ҳамкорликни янада ривожлантириш, ички ва ташқи сиёсатнинг стратегик вазифаларини амалга оширишда, хусусан, ташқи иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлашда парламент самарадорлигини ошириш бўйича тажриба алмашиш масалаларини муҳокама қилиш учун 2020 йилда Ўзбекистонга ишчи ташрифини амалга ошириш истагини билдирди.

Шунингдек, Федерал канцлер идорасида, Иқтисодий, молиявий ва энергетика сиёсати бўйича муҳим ҳисобланган Департамент раҳбарияти ва мутахассислари билан алоҳида учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувда Департамент директорининг ўринбосари Т.Винтерт Германия ҳукумати Президент Ш.Мирзиёев ва Канцлер А.Меркел учрашувида эришилган келишувларни амалга оширишга устувор аҳамият беришини таъкидлади.

Унинг сўзларига кўра, ушбу учрашув, шунингдек Германия Федерал Президенти Ф.В. Штайнмайернинг жорий йилнинг май ойида Ўзбекистонга ташрифи икки томонлама муносабатларнинг ривожланишига янада туртки берди, бу шубҳасиз икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни кенгайтиришга хизмат қилади.

Т.Винтернинг таъкидлашича, Германия ҳукумати Ўзбекистонга кўрсатилаётган молиявий ва техник ёрдам ҳажмини сезиларли даражада оширди, бу эса ўз расмий Берлин Ўзбекистон Президенти бошлаган кенг кўламли ислоҳотларни қўллаб-қувватлашдан ҳамда барча соҳаларда ўзаро манфаатли, икки томонлама ҳамкорликни янада фаоллаштиришга алоҳида  эътибор қаратаётганидан далолат беради.