Венгриялик мутахассислар билан учрашув

СМТИда Венгрия Миллий давлат хизмати университети мутахассиси ва Ўзбекистондаги Венгрия элчихонаси вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди. Суҳбат давомида томонлар икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва ривожланиш истиқболларини муҳокама қилишди.

Учрашувда Венгрия томони Марказий Осиё билан ҳамкорликни кенгайтириш Будапешт ташқи сиёсатининг устувор йўналишларидан бири эканлигини таъкидлади. Шу нуқтаи назардан, мутахассис Э.Золтан сўнгги йилларда Венгрия жадал ривожланаётган Марказий Осиё мамлакатларида янги имкониятлар пайдо бўлаётганини таъкидлади.

Таъкидланганидек, Венгер томони Европа Иттифоқининг Марказий Осиёда ўзаро боғлиқликни ошириш бўйича қабул қилинган стратегияси доирасида маълум ютуқларга эришган соҳаларда - фармацевтика, ахборот коммуникация технологиялари, таълим йўналишларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ниятида эканлигини айтиб ўтди.

Давра суҳбатида шунингдек Ўзбекистон ва Венгрия илмий-тадқиқот институтлари ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.

Учрашув якунида томонлар икки ва кўп томонлама даражада самарали ҳамкорлик механизмларини ишлаб чиқиш учун яқин алоқаларни ўрнатишга ўзаро қизиқиш билдиришди.