«Cengiz Holding» компанияси Ўзбекистондаги бизнесини кенгайтириш бўйича янги режаларини тақдимот қилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 8 август куни Туркиянинг «Cengiz Holding» компанияси бошқаруви раиси Мехмет Женгиз бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.

Учрашувда ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтириш, шу жумладан мамлакатимиз иқтисодиёти тармоқларини ривожлантириш ва модернизация қилиш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари кўриб чиқилди.

Таъкидлаш жоизки, Туркиянинг етакчи кўп тармоқли холдинги иштирокида Ўзбекистонда иккита лойиҳа муваффақиятли якунланди – Тошкент ва Сирдарё вилоятларида умумий қуввати 460 мегаваттли замонавий электр станциялар ишга туширилди.

Учрашув чоғида давлатимиз раҳбарига ушбу энергетика объектларининг кўрсаткичлари тўғрисида батафсил ахборот берилди.  

Бундан ташқари, Президентимиз Жиззах вилоятида қуввати 500 мегаваттдан зиёд бўлган яна бир электр станция қурилишига старт берди.

 «Cengiz Holding» компанияси томонидан умумий қиймати 5 миллиард доллардан зиёд бўлган янги лойиҳаларни амалга ошириш режалари тақдимот қилинди.

Автомобиль йўллари ва туннелларни модернизация қилиш ва қуриш, геология-қидирув ишларини бажариш ва истиқболли фойдали қазилма конларини ўзлаштириш, энергетика инфратузилмасини давлат-хусусий шериклик шартларида бошқариш шундай лойиҳалар жумласидан.

Ўзбекистон етакчиси туркиялик инвестор иштирокидаги истиқболли лойиҳаларни тез фурсатда тайёрлаш ва тўлиқ амалга ошириш юзасидан топшириқлар берди.

Манба