Ўзбекистон – Эрон: Савдо-иқтисодий ҳамкорлик кенгаймоқда

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти бош илмий ходими, иқтисод фанлари доктори Дмитрий Тростянскийнинг фикрича, давлатимиз раҳбарининг Эронга ташрифи, ҳар томонлама манфаатли Ўзбекистон – Эрон ҳамкорлиги ривожига янги суръат бағишлайди.

Ўзбекистон Президенти 20 йил ичида Эронга илк бор ташриф буюрди, ҳар икки томон ушбу воқеа ўзаро муносабатни мустаҳкамлашда тарихий аҳамиятга эга эканини таъкидлади.

Олий даражадаги музокаранинг муҳим якуни сифатида икки давлат ўртасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш тўғрисидаги қўшма баёнот ҳамда ҳукуматлар, идоралар ва ҳудудлар даражасида 15 та ҳужжат имзоланди.

Учрашувда савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.

Бугунги кунда барқарор ўсиш хусусиятини намоён этаётган ўзаро савдо сўнгги 3 йилда 1,7 баробар ошди ва 2022 йил якунида 435,7 миллион долларни ташкил этди. Жорий йил январь-апрель ойларида ушбу кўрсаткич 186,3 миллион долларга етди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан учдан бир ҳисса кўп. Қиёсий жадвалда импорт 116,8 миллиард доллардан 119,4 миллиард долларгача кўтарилган. Шу билан бирга Ўзбекистоннинг Эронга экспорти ҳам юқори суръатда ортиб, 49,7 миллиард доллардан 66,9 миллиард долларга етгани яна бир ижобий ҳолат.

Бугун Эрон бизнесининг Ўзбекистонга қизиқиши жуда юқори. Сўнгги йилларда эронлик тадбиркорларнинг мамлакатимиздаги сармоявий фаоллиги 3 баробар ошди. Биргина 2022 йил юртимизда ушбу давлатнинг 105 янги корхонаси рўйхатга олинди. Айни пайт мамлакатимизда Эрон сармояси иштирокидаги 397 бизнес субъекти фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг 212 таси қўшма, 185 таси тўлиқ  хорижий корхона.

Давлатимиз етакчисиининг расмий ташрифи арафасида Ўзбекистон ва Эрон ишбилармон доиралари вакиллари иштирокида ўтказилган форум савдо-иқтисодий ҳамкорликни фаоллаштиришга хизмат қилиши шубҳасиз. Ушбу анжуман натижасида қарийб 200 миллион долларлик қатор инвестициявий ва савдо шартномалари имзоланди.

Музокаралар давомида Марказий Осиёни Эрон билан боғлайдиган энг қисқа транспорт-логистика йўлакларидан фойдаланиш масалаларига, шунингдек, энергетика, машинасозлик, кимё, енгил ва озиқ-овқат саноати, саноат-қурилиш материаллари, фармацевтика, асбобсозлик ва электротехника соҳаларида қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш чора-тадбирларига алоҳида эътибор қаратилди.

Икки давлат раҳбарлари учрашуви давомида товар айирбошлаш қийматини ҳозирги 435 миллион доллардан 3 миллиард долларга етказиш бўйича улкан мақсад белгиланди, қўшма “йўл хариталари” тайёрлаш ва эришилган келишувларни самарали амалга ошириш механизмини яратиш режаси илгари сурилди.

Хусусан, Эроннинг “Киш” (туризм, савдо), “Чобаҳор” (савдо, саноат), “Арас” (савдо, саноат) ва Ўзбекистоннинг “Навоий”, “Ангрен” эркин иқтисодий зоналари ўртасида ишлаб чиқариш кооперацияси асосида ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш ана шу эзгу ниятларни рўёбга чиқаришга хизмат қилади.

Бухоро вилояти ва Ҳамадон музофоти, шунингдек Самарқанд ва Исфахон шаҳарлари ўртасида тўғридан-тўғри алоқа ўрнатиш ҳам шерикликнинг муҳим йўналишидир.

Бу саъй-ҳаракатлар тадбиркорлар ўртасида кооперация алоқасини йўлга қўйиш, маҳаллий хом ашёни қайта ишлаш асосида юқори қўшимча қийматга эга маҳсулот ишлаб чиқаришда Эрон технологияларидан фойдаланиш, янги иш ўринлари яратиш ва ҳудудий бозорни рақобатбардош маҳсулотлар билан тўлдириш имконини беради.

Хуллас, музокаралар шуни кўрсатдики, Ўзбекистон ва Эрон ўртасидаги савдо-иқтисодий муносабат бугунги кунда минтақавий савдо, транзит ва транспорт салоҳиятини ривожлантириш, умумий қўшимча қиймат занжирини яратиш, ҳамкорлик лойиҳаларини амалга ошириш каби соҳаларда манфаатлар яқинлашиб бораётгани билан тавсифланади. Бу эса мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш учун қулай шарт-шароит яратади.

Манба