Ўзбекистон Президенти ИҲТ саммитида маданий-гуманитар ва туризм соҳаларини ривожлантиришга қаратилган ташаббусларни илгари сурди

Жорий йилнинг 8-9 ноябр кунлари Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида  Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг (ИҲТ) ўн олтинчи саммити бўлиб ўтди. Тадбирда Озарбайжон, Эрон, Қозоғистон, Қирғизистон, Покистон, Тожикистон, Туркманистон ва Туркиянинг давлат ва ҳукумат раҳбарлари иштирок этди. ИҲТнинг юқори даражаги тадбири Ўзбекистонда илк бор ўтказилмоқда. Шу маънода тарихий аҳамиятга эга.

Жорий саммит Ташкилотнинг устувор йўналишлари ҳисобланган барча соҳаларни қамраб олди. Жумладан, савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-коммуникациявий, туризм ва маданий-гуманитар ҳамкорликни янада кенгайтириш ҳамда ушбу кўп томонлама тузилма фаолиятини такомиллаштириш масалаларини ўз ичига олди.

Таъкидлаш жоизки, маданий-гуманитар соҳалар Ташкилотнинг асосий иқтиболларидан бири ҳисобланади. Бу бежиз эмас. Минтақа халқлари маданий ва ўхшаш қадриятлар билан чамбарчас боғлиқ, шунингдек қадимий Буюк Ипак йўлининг бой тарихий меросини ўзида мужассам этган. 

Ташкилот маданий-гуманитар вазифаларни мувофиқлаштириш юзасидан ўзининг норматив-ҳуқуқий хужжатлари ва бир қатор ихтисослаштирилган идоралар ва минтақавий муассасаларига эга.

Жумладан, Ташкилотнинг «ECO Vision 2025» дастури доирасида «Буюк Ипак йўли замирида қадимий ёдгорликлар ва маданий меросларни сақлаб қолиш», «Туризм стратегияси – 2025» каби истиқболли режалар қабул қилинган. Шунингдек, аъзо давлатлар ўртасида маданий мерос, фан ва таълим йўналишлари асносида ҳамкорликни йўлга қўйиш ва мустаҳкамлаш бўйича ИҲТ Маданият институти, Таълим институти ва Илмий фонд  фаолият юритади.

Мамлакатимиз Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг  саммитларида  мунтазам иштирок этиб келади. ИҲТ котибияти ва аъзо давлатлар Ўзбекистонни минтақадаги муҳим давлат сифатида қабул қилиб, ҳамкорликни юксак қадрлайдилар. Юртимиз кўплаб соҳаларда Ташкилот билан кенг қамровли ҳамкорлик олиб бормоқда. 

Жумладан, Ўзбекистоннинг Ташкилотда раислиги даврида ИҲТ Маданият ва таълим институтлари билан самарали алоқалар ўрнатилди. Шунингдек, Бухоро ва Хива шаҳарларида қатор маданий тадбирлар ўтказилди.

Жорий йилда Ўзбекистон-Туркманистон, Ўзбекистон-Қирғизистон маданий кунлари, «Қозоқ киноси кунлари», Ўзбекистон – Озарбайжон муносабатлари каби маданий-маърифий тадбирлар бўлиб ўтди.

Энг қувонарлиси шундаки, ИҲТнинг 2021-йил Ашхободда бўлиб ўтган 15-саммитида юртдошимиз  Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг Махсус мукофоти билан тақдирланди.

Туризм Ташкилот давлатлари ўртасидаги ўсиб бораётган ҳамкорликнинг устувор соҳаси ҳисобланиб, у мамлакатларнинг иқтисодий ривожланишига катта таъсир кўрсатиб, йирик салоҳиятга эга бўлган минтақада сайёҳлар оқимини сезиларли даражада оширади.

Шу билан бирга ИҲТ доирасида туризм сектори 6-устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.  Мазкур маконда ЮНЕСКО томонидан рўйхатдан ўтган 90 га яқин Жаҳон мероси объектлари жойлашган.

Таъкидланишича, чет эллик сайёҳлар учун чегарадан ўтиш тартибини соддалаштириш, виза режимини юмшатиш ва либераллаштириш бутун минтақада туризм соҳасини ривожлантиришга ёрдам беради.   

500 миллиондан ортиқ аҳолига эга ИҲТга аъзо давлатлар ўртасидаги ушбу йўналишлардаги алоқалар, мамлакатлар ўртасидаги икки ва кўп томонлама муносабатларда алоҳида аҳамият касб этади. Ўз навбатида Ўзбекистоннинг жозибали туризм салоҳияти Ташкилотга аъзо давлатларнинг эътиборига сазовор бўлмоқда.

Ўзбекистон Республикасининг раислиги даврида илгари сурилган ташаббуслар барча давлатларнинг туризм соҳасидаги манфаати йўлида хизмат қилишига ҳисса қўшиб келмоқда.

Шу жумладан, бу даврда юртимизда соҳага оид бир қанча амалий ишлар амалга оширилди. 2022 йил декабрь ойида Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар туризм вазирларининг IV йиғилиши онлайн форматда бўлиб ўтди.

Бухоро шаҳрида бўлиб ўтган навбатдаги учрашувда Хавфсиз сайёҳликни ривожлантириш умумминтақавий Дастурини қабул қилишга, “зиёрат туризми”, “яшил туризм” ва бошқа қўшма сайёҳлик маҳсулотларини ишлаб чиқиш, авиақатновлар географиясини кенгайтириш, туризм инфратузилмасини ривожлантиришга жиддий эътибор қаратилди.

Шунингдек, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар томонидан қилинган ишлар ва пировард мақсадларни белгиловчи “Самарқанд декларацияси” қабул қилинди. Мазкур хужжатда аъзо давлатларнинг бой тарихий ва маданий мероси эътироф этилган, туризм соҳасининг иқтисодий ва барқарор ривожланишдаги ўрни таъкидланиб, унинг халқлар ўртасидаги ҳамжиҳатликни таъминлашда асосий омил эканлиги қайд этилган.  

Яна бир муҳим қадам – 2000 йиллик тарихга эга, UNESCO Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган Шаҳрисабз шаҳрининг 2024 йилда ИҲТ туризм пойтахти сифатида эълон қилинишидир.

 

Бунинг доирасида Қашқадарё вилоятида туризм инфратузилмасини яхшилаш, экотуризм, этнотуризм ва бошқа йўналишларда салоҳиятни юксалтириш, ҳудуднинг номоддий меросини кенг очиб берувчи маданий тадбирлар, туризм тадбиркорлиги, шу жумладан, ёшларнинг фаоллигини ошириш бўйича алоҳида дастур амалга оширилиши кўзда тутилган.

Бу каби чора-тадбирлар ушбу ҳуддудни сайёҳларни жалб қилувчи масканлардан бирига айланишига  хизмат қилиб, ижтимоий иқтисодий ривожланишига ижобий таъсир кўрсатади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Тошкент саммитидаги нутқида Ташкилотнинг юксак имкониятларини яна бир таъкидлаб, аъзо давлатлар ўртасида устувор соҳаларни янада кенгайишига қаратилган бир қанча ташаббусларни илгари сурди.

Давлатимиз раҳбари томонидан билдирилган таклифлар, қабул қилинган ҳужжатлар, тузилган аниқ режалар мамлакатлараро, минтақалараро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, дўстона муносабатда янги даврга қадам қўйишга замин яратади.

Президент Шавкат Мирзиёв нутқи анъанавий равишда ўзига хос бўлиб, амалий натижаларга эришишга қаратилди. У ўз нутқида нафақат ИҲТ фаолиятининг барча устувор йўналишларини қамраб олди, балки ушбу соҳалардаги ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишга қаратилган 10 дан ортиқ таклифларни тақдим этди.

Хусусан, Шавкат Мирзиёев Ташкилот давлатлари билан ҳамкорлик кўламини янада кенгайтириш, савдо-иқтисодий муносабатларни чуқурлаштириш, товар айирбошлаш миқдорини ошириб бориш, инвестиция муҳитини яхшилаш, туризм ва маданий-гуманитар соҳаларида алоқаларни кенгайтириш масалаларига алоҳида урғу берди.

Президентимиз ИҲТ Котибияти ҳузурида аъзо мамлакатларнинг туризм маъмуриятлари ва етакчи экспертлардан иборат Туризм бўйича маслаҳат қўмитасини ташкил этиш ҳамда унинг илк учрашувини Шаҳрисабз шаҳрида ўтказиш таклифини билдирди.

Шунингдек, Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон туризм салоҳиятидан унумли фойдаланиш ва аъзо давлатлар ўртасидаги ҳамкорликни кучайтиришга чақирди.

Жумладан, Трансчегаравий йўналишлар тобора оммалашаётганини ҳисобга олиб, қўшма туристик йўналишларни жорий этиш ҳамда “Ипак йўли” сайёҳлик бренди остида умумий дастурларни кўпайтиришни таклиф этди.

ИҲТга аъзо давлатларнинг халқларини янада яқинлаштиришда маданий-гуманитар ҳамкорликни чуқурлаштиришнинг аҳамиятини қайд этиб, Ўзбекистон Президенти ҳар йили маданият, санъат ва кино ҳафталикларини ўтказиб бориш, ёшларнинг ижодий фестиваллари ва инновацион ҳамкорлик платформасини йўлга қўйиш, фундаментал илмий йўналишларда ўзаро ҳамкорликни кучайтиришни таклиф қилди.

Президентимиз ИҲТ доирасида юқори даражадаги кўп томонлама мулоқот ва кўп қиррали ҳамкорликни давом эттиришга тайёрлигини яна бир бор намойиш этди. Шунингдек, барча ташаббуслар ўзаро ишончни мустаҳкамлаш, позицияларни яқинлаштириш ва Ўзбекистоннинг ташкилот маконида тинчлик ва барқарорликни таъминлашга қаратилган йўналишларни қамраб олди. 

Хулоса қилиб айтганда, бугун дунёда рўй бераётган ўзгаришлар жараёнида ҳеч бир давлат якка ҳолатда ўз тараққиётини таъминлаши мумкин эмаслиги аниқ бўлган бир даврда, ИҲТ каби тузилмалар доирасида ҳамкорлик алоқаларининг ривожлантирилиши келгусида ўзининг ижобий натижасини бериши шубҳасиздир. Шундай экан, Тошкент саммити якунлари навбатдаги янада йирик лойиҳаларни илгари суришга хизмат қилувчи янги ҳужжатларда аксини топиши шубҳасиз.

Набиев Наримон,

Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар  институти етакчи илмий ходими