Марказий Осиёда ҳамкорликни кучайтиришнинг муҳим мезони

Нуфузли илмий-тадқиқот институтлари — “ақл марказлари”, сиёсий истеблишмент ва оммавий ахборот воситалари Ўзбекистондаги беқиёс янгиланишлар, жумладан, ташқи сиёсатдаги дадил қадамларни катта қизиқиш билан кузатмоқда. Уларнинг фикрича, мамлакат ташқи сиёсатидаги “жиддий ўзгаришлар”, авваламбор, Марказий Осиё мисолида яққол намоён бўлаяпти.

Дарҳақиқат, Президент Шавкат Мирзиёевнинг фаол сиёсати туфайли биз минтақада кўламли силжишларга гувоҳ бўлаяпмиз. Жуда қисқа давр ичида мамлакатлар ўртасида муносабатлар яхшиланиб, мутлақо янги муҳитни шакллантиришнинг уддасидан чиқилди. Экспертлар бир неча йил муқаддам бунга имкон борлигига ишонишмас эди. Минтақа давлатлари чегараларида жиддий кўнгилсизликлар юз бермади, илгари мавжуд бўлган қатор чекловлар бекор қилинаяпти, қавм-қариндошлар ва оилаларнинг борди-келдиси учун янада кўпроқ шарт-шароит яратилмоқда. Оммавий ахборот воситаларида Ўзбекистон, Қирғизистон, Тожикистон ўртасида доимий авиақатновлар йўлга қўйилаётгани, бизнес форумлари, навбатдаги қўшма кўргазмалар, акциялар, маданият кунлари ўтказилаётгани ҳақидаги хабарлар эса тез-тез берилмоқда. Яқингача Ўзбекистоннинг қўшни давлатлар билан муносабатларида қатор муаммолар сақланиб қолинаётган эди. Давлат чегараларини демаркатсия ва делимитатсия қилиш, трансчегаравий дарёлар сувларидан фойдаланиш, йирик ГЭСлар қурилиши сингари нозик масалалар шулар жумласидандир.

Бу баъзи ҳолларда мамлакатлар ўртасида вазиятнинг кескинлашувига, чегараларда баҳсли ҳолатларга олиб келар эди. Айрим объектив ва субъектив сабабларга кўра, ушбу масалалар Марказий Осиё давлатлари мустақиллигининг илк йилларида ҳал қилинмасдан қолди. Оқибатда бундан, энг аввало, чегара бўйлаб истиқомат қиладиган оддий одамлар азият чекди. Гўёки минтақа узоқ уйқуга кетгандек туюларди. Муаммоларни ҳал қилиш учун янги ташаббуслар зарурати туғилган эди. Шавкат Мирзиёевнинг янги сиёсати ана шундай ҳаётий ташаббус бўлди. Хорижлик кузатувчилар бу сиёсатни “илиқлик даври”, “қайта ишга тушириш” деб аташмоқда. Қандай номланишидан қатъи назар, ушбу саъй-ҳаракатларнинг асосий мазмуни давлатлараро муносабатлардаги тўсиқларга барҳам бериш, прагматизм ва минтақавий якдилликни мустаҳкамлашга интилишдан иборатдир. Қўшнилар билан муносабатларни яхшилаш бўйича қатъий қадамлар ташланди.

Жумладан, Қирғизистон ва Тожикистон раҳбарияти билан манфаатлар туташган нуқтани топишга муваффақ бўлинди. Шу пайтга қадар Тошкент ва Бишкек муносабатларида давлат чегараси асосий тўсиқ бўлган бўлса, Шавкат Мирзиёев уни “дўстлик чегараси”га айлантиришни таклиф қилди. Икки мамлакат раҳбарлари томонидан давлат чегараси тўғрисидаги шартноманинг имзоланиши чегара янглиғ ўткир масалани кун тартибидан чиқариб ташлашга туртки берди. Тожикистон билан доимий ҳаво қатновини қайта тиклаш бўйича келишувга эришилди. Нуфузли экспертлик-таҳлилий муассаса — “Охфорд Аналйтиcа”нинг Россия ва МДҲ мамлакатлари бўйича эксперти Жон Маклеоднинг айтишича, парвозларни қайта йўлга қўйиш ташаббусини айнан Ўзбекистон илгари сурди. Унинг сўзларига қараганда, Душанбе Тошкентнинг самимий ниятига ижобий жавоб қайтарди. Ўз навбатида, тожикистонлик кузатувчилар Шавкат Мирзиёев Тожикистон — Ўзбекистон муносабатларидаги кескинликка нуқта қўя олганини эътироф этишмоқда. Уларнинг фикрича, Ўзбекистон раҳбари Президентлик лавозимига киришганидан сўнг бир йил ичида Марказий Осиёнинг барча республикасини кўп масалаларда бирлаштириб турадиган интегратсия жараёнлари амалда бошланишига туртки берди. Тожикистоннинг табиий офатдан зарар кўрган ҳудуди аҳолиси Ўзбекистондан юборилган 60 тонналик инсонпарварлик ёрдамини миннатдорлик билан қабул қилди.

Икки мамлакат фуқаролари Ўзбекистон раҳбарининг Тожикистонга бўлажак тарихий ташрифини интиқлик билан кутишмоқда. Ўзбекистоннинг илғор ва ижобий ташқи сиёсати хорижда ҳам эътироф этилмоқда. АҚШнинг нуфузли “Тҳе Неw Ёрк Тимес” нашри ёзишича, Ўзбекистон раҳбарияти ташқи сиёсатда, биринчи галда, ўз қўшнилари билан тўпланиб қолган муаммоларни ҳал қилишга интилаяпти. Қайд этилишича, Ўзбекистондаги ўзгаришлар “узоқ йиллар давомида Марказий Осиёдан келаётган илк ижобий сиёсий янгиликлар”дан ҳисобланади. МДҲ мамлакатлари институти Марказий Осиё бўлими мудири Андрей Грозиннинг фикрига кўра, ҳозирги кунда минтақада давлатлараро муносабатлар тизимида жонланиш жараёни кечмоқда. Экспертнинг ишонч билдиришича, Шавкат Мирзиёевнинг минтақа сиёсий майдонига кириб келиши қўшнилар ўртасидаги муносабатларга ижобий таъсир кўрсатди. Тошкент ўтган йили турли йўналишларда юксак фаоллик намойиш этди. Марказий Осиёда ўзаро муносабатлар соғломлашиб бораётгани бунинг яққол тасдиғидир. Шу нуқтаи назардан, Марказий Осиё бўйича америкалик эксперт Брюс Панер Ўзбекистон раҳбариятининг қўшни мамлакатларга нисбатан сиёсатини “дўстликдан ҳам зиёдроқ мақсадларни кўзлайди”, деб баҳолайди. Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистоннинг қўшни давлатлар билан ҳозирги муносабати аввалги йиллардагига қараганда тубдан фарқ қилади. Буни Президент барча минтақа давлатлари билан алоқаларни яхшилашга, “минтақанинг табиий тижорат маркази” сифатида мамлакатнинг иқтисодий салоҳиятини ривожлантиришга катта эътибор қаратаётгани ҳам тасдиқлайди. Панернинг қайд этишича, Ўзбекистоннинг минтақага алоҳида урғу бераётгани бу борада ҳал қилувчи аҳамият касб этиши мумкин. Ўз навбатида, Марказий Осиё ва Кавказ институти (АҚШ) “Ипак йўли” дастури директори Сванте Корнелл ўзбекистонликлар қўшнилари учун очилаётганини айтади. У “Шавкат Мирзиёев олиб бораётган ташқи сиёсатдан ҳайратланаётгани”ни таъкидлайди. Канаданинг глобаллашув масалаларини ўрганиш маркази таҳлилчилари наздида, Ўзбекистоннинг геостратегик жойлашуви, меҳнат бозоридаги улкан салоҳияти инобатга олинадиган бўлса, олиб борилаётган ислоҳотлар алалоқибат мамлакатни минтақанинг локомотивларидан бирига айлантиришга хизмат қилади. Россиялик таниқли эксперт Ростислав Ишенко эса бугун Тошкент минтақавий ва халқаро аҳамиятга эга барча долзарб масалаларни муҳокама қилиш учун очиқлигини эътироф этади. Ўзбекистон Президенти парламентга Мурожаатномасида қайд этганидек, 2017 йилда 21 олий даражадаги ташрифлар амалга оширилди, 60 дан ортиқ давлатлар ва халқаро ташкилотлар раҳбарлари ва вакиллари билан учрашувлар ўтказилди. Натижада 400 дан зиёд битим ва келишувларга эришилди, қарийб 60 миллиард АҚШ доллари ҳажмидаги савдо ва сармоявий шартномалар имзоланди. Буларнинг барчаси танланган узоқ ва машаққатли, айни пайтда ягона тўғри йўлдаги дастлабки қадамлардир.

Ўзбекистон ташқи сиёсатидаги ўзгаришлар мамлакат раҳбари томонидан тўпланиб қолган муаммоларни ҳал қилишга комплекс ёндашилаётганини кўрсатади. Бу ўзгаришларни халқаро ҳамжамият ижобий кутиб олди ва эътироф этмоқда. Шубҳасиз, буларнинг барчаси 2018 йилда янада кўпроқ манфаатли ҳамкорлик учун асос бўлиб хизмат қилади. Ўзбекистон ташқи сиёсатидаги ислоҳотлар Марказий Осиё мамлакатлари ҳамкорлигини кучайтиришнинг муҳим кўрсаткичига айланди. Минтақа тобора тарқоқликдан ҳамкорлик сари интилмоқда. Истиқболда биз янада туб бунёдкорлик жараёнларига гувоҳ бўлишимиз мумкин. Бинобарин, минтақани умумий қадриятлар, маданият, дин ва тарих бирлаштириб туради. Шу маънода, минтақа халқаро майдонда ўзини янги бир шакл-шамойилда намойиш этиш, ўз имиджини яхшилаб олиш, чет эл инвестицияларини янада кўпроқ жалб қилиш имконига эга. Булар барча мамлакатлар манфаатларига хизмат қилади.

Марат АИТОВ,

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти бош илмий ходими