Душанбе халқаро конференциясида илмий йўналишда бир қатор самарали келишувларга эришилди

Душанбе халқаро конференциясида илмий йўналишда бир қатор самарали келишувларга эришилди

Ҳозиргина Душанбе шаҳрида бўлиб ўтаётган халқаро конференциянинг шўба йиғилишлари ниҳоясига етди.

Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасидаги илмий ҳамкорликка бағишланган давра суҳбатида дастлаб Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Сейсмология институти ва Тожикистон Миллий фанлар академияси Геология, сейсмик барқарор қурилиш ва сейсмология институти раҳбарлари, мутахассислари тегишли соҳалардаги бугунги куннинг долзарб муаммоларини, бу борадаги ўзаро ҳамкорлик истиқболини муҳокама этишди.

photo_2020-09-14_14-53-47.jpg

Шунингдек, йиғилиш давомида икки давлат олий ўқув юртлари ўртасидаги алоқаларни янада кучайтириш илмий ва инновацион салоҳиятни амалга оширишнинг муҳим омили, фан ва технологияларни ривожлантиришнинг жорий ҳолати, истиқболи, экспериментал биология, ядро технологияларининг тиббиёт, қишлоқ хўжалиги ва саноат тармоқларида қўлланиши, пахтачилик ва қишлоқ хўжалигининг бошқа соҳаларидаги фундаментал ва амалий тадқиқотлар бўйича ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди. 

Мулоқот давомида COVID-19 пандемияси шароитида глобал хавфсизлик, музликлар ва сув ресурсларини глобал ва минтақавий миқёсда ўрганиш бўйича ҳамкорлик истиқболи, биологик хилма-хиллик стратегияси каби мавзулар атрофида мунозара, муҳосаба кечди.

photo_2020-09-14_14-53-45.jpg

Тожикистон МФА Ботаника, физиология ва генетика институти директори Бобозода Бақохожа Ўзбекистон ФА Генетика ва ўсимликлар экспериментал биологияси институти билан DS ва PG фан докторлари тайёрлаш ва Генетика мутахассислигидан диссертациялар ҳимояси бўйича ўзаро англашув меморандуми имзолашни таклиф этди. Зеро, бугунги кунда Тожикистонда айни йўналишда мутахассислар етишмовчилиги яққол сезилмоқда.

Тожикистоннинг С.И.Умаров номидаги Физика-техника институти ва Ўзбекистон ФА Ядро физикаси институти ўртасида илмий ҳамкорлик тўғрисида Битим имзоланди. Мазкур келишув асосида томонлар ядро физикаси, назарий физика, ярим ўтказгичлар физикаси ва бошқа қатор йўналишлар бўйича биргаликда тадқиқот олиб боришади.

photo_2020-09-14_21-59-58.jpg

Конференциянинг сўнгги шўба йиғилиши маданий алоқаларга бағишланди. Дастлаб экспертларнинг ўзбек ва тожик халқлари тарихи, маданиятидаги умумий жиҳатлар, анъаналаримизнинг жаҳон цивилизациясига қўшган ҳиссаси, маънавий қадриятларимиз халқ дипломатиясини янада ривожлантириш омили эканлиги хусусидаги маърузалари тингланди. Мунозара қисмида мумтоз адабиёт намуналарига оид қўлёзмалар бўйича тадқиқотлар, мақом санъатини ривожлантириш, маданий алоқаларимизни янада кучайтириш юзасидан фикрлар билдирилди, таклиф, тавсиялар ўртага ташланди.

Сўнгги шўба йиғилиши якунида Алишер Навоийнинг Тожикистон МФА Ёзма мерос маркази шарқ қўлёзмалари фондида сақланаётган қўлёзмаларига доир муҳокамалар бўлиб ўтди. Марказнинг етакчи илмий ходими Саидҳожа Ализода биз учун жуда қадрли бўлган мазкур нодир қўлёзмалар ҳақида мутахассисларимизга батафсил маълумот берди.

Манба