Германия сиёсий ва илмий доиралари ГФР президентининг Ўзбекистонга ташрифи ҳақида қандай фикрда?

Германия Федерал Республикаси президенти Франк-Вальтер Штайнмайер 27 май куни Ўзбекистонга ташриф буюрди ва мамлакат президенти Шавкат Мирзиёев билан учрашди.

Kun.uz мухбири Ўзбекистоннинг Германиядаги элчихонасидан олинган маълумотлар асосида Германия сиёсий ва илмий доираларининг Франк-Вальтер Штайнмайернинг юртимизга ташрифига доир фикрлари билан бўлишди.

Германия  федерал иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт вазирлигининг парламент давлат котиби  Норберт Бартле:

Куни кеча вазирлигимиз делегацияси Тошкентда бўлиб, молиявий ва техник ҳамкорлик бўйича навбатдаги Ҳукуматлараро музокараларни ўтказди, уларнинг якунига кўра, ўзаро ҳамкорлик кўламини сезиларли даражада кенгайтиришга келишиб олинди. Биз Ўзбекистонни қўллаб-қувватлаш учун тақдим этилаётган маблағлар ҳажмини ўн бараварга оширишни режалаштиряпмиз. Ўйлайманки, бу Ўзбекистондаги ислоҳотларга кўмак бериш ҳамда Оролбўйи минтақасидаги вазиятни яхшилашда катта аҳамият касб этади.

Шундай экан, Германия федерал президенти Ф.-В.Штайнмайер ўз ташрифи давомида Ўзбекистон сўнгги икки йилда катта ислоҳотларни амалга оширгани ва бутун минтақа учун “барқарорлик маёғи” бўлиб, тўғри йўлдан кетаётганига шахсан ишонч ҳосил қилади.

***

Бундестаг депутати, “Германия-Марказий Осиё” парламент гуруҳи аъзоси Вальдемар Хердт:

ГФР президентининг Ўзбекистонга ташрифи мамлакатнинг истиқболли, минтақанинг эса салоҳиятли эканидан далолат беради. Марказий Осиёда 60 миллиондан зиёд киши яшайди ва Ўзбекистон бу минтақанинг асосий мамлакатларидан бири ҳисобланади. Ўзбекистонга ташрифимиз давомида президентингизнинг шундай қисқа вақт ичида режалаштирибгина қолмай, ҳаётга татбиқ ҳам қилган ислоҳотларини кўриб ёқимли ҳайратда қолдим. Иқтисодиёт, фикрлаш ва умуман, барчасида жиддий ўсиш кузатилмоқда, яъни буларнинг бари халқ қурилиш ҳамда юксалиш ҳақида ўйлаётган вақтда жадаллашмоқда.

Мен собиқ совет республикаларида кўп бўламан ва бошқаларга бу борада Ўзбекистонга бориб ўрганишни маслаҳат бераман. Ўрганишнинг ёмон жойи йўқ, айниқса, бунинг уддасидан чиқаётган мамлакатдан. Ўйлайманки, президентимизнинг Ўзбекистонга ташрифи собиқ совет республикаларига бўлган янгича муносабатни намойиш қилади.

Германия – саноат мамлакати. Бизда нефть ва газ йўқ. Бизда бори – бу ишлаб чиқарувчиларимиз, муҳандислик фикри, бошқарувга доир билимлар, ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш. Биз фақат шуларнигина таклиф қила оламиз. Бироқ буларни фақатгина бошқа мамлакатга бориб, ўз юртинг имкониятларини намойиш қилаётганидагина сотиш мумкин. Ўзбекистонликлар ҳам, шу тариқа, Германияга келиб, ўзларининг ишлаб чиқаришга доир имкониятларини намойиш қилишмоқда. Кейинги босқичда қўшма корхоналар яратиш учун ҳамкорлик имкониятларини биргаликда излашимиз керак, деб ўйлайман. Қўшма корхоналар Германияда ҳам ишчи ўринларини кафолатласа, у ерда ҳам халқларимиз фаровонлигини кафолатлайди.

Чунки қўшма корхоналар бу ерга механизмлар, машиналар учун буюртма берилишини билдиради, ноу-хау ва фаровонлик шу ердан боради. У ерда эса ишчи ўринлари яратилади, одамларга муносиб иш ҳақи берилади. Мен доим “Жанг қилгандан кўра савдо қилган яхши”, деган фикрни айтаман. Ўзбекистон яхши уддасидан чиқаётган нарсани Германияда ишлаб чиқармаса ҳам бўлади.

Сўнгги ташрифим чоғида ёш депутатлар билан учрашувимиз мени жуда қувонтирди, улар шижоат билан, соф немис тилида Германияда таълим олиш истиқболлари ҳақида сўзлашди. Биз Ўзбекистон ёшлари Германияда таълим олиши ва худди шу жараён акс йўналишда ҳам ташкил қилиниши тарафдоримиз. Германия ёшлари ҳам ўзларининг фаровон мамлакатлари доирасидан чиқиб, ўз дунёқарашларини кенгайтиришлари, бошқа маданиятларга оид тасаввурларини бойитишлари, янги алоқалар ўрнатишлари ва ҳамкорликларни йўлга қўйишлари лозим.

Ўзбек халқига фаровонлик тилайман ва уларга бошланган демократик ислоҳотлар курсини муваффақиятли давом эттиришларини тилаб қоламан. Танлаган йўлингизни маҳкам ушланг, зеро сиз Марказий Осиё барқарорлиги, фаровонлиги ва ҳамкорлиги маёғи ҳисобланасиз. Биз буни ҳис қиламиз, қўшни республикалар ҳам Ўзбекистонга катта ҳурмат билан қараб, бу ўзгаришлар минтақадаги тинчликни мустаҳкамлашига умид билан қарашмоқда. Жуда кўпчилик бизнес алоқаларни ривожлантириш мақсадида бу томонга умид билан қарамоқда. Биз халқларимизни яқинлаштириш, бизнесни яқинлаштириш ва фаровонликни таъминлаш йўлида Ўзбекистон билан бажонидил тажриба алмашишамиз.

***

Германия Бундестаги вакили, Марказий Осиё бўйича эксперт Андреас Ян:

Мамлакатларимиз ўртасидаги алоқаларнинг ривожланаётганидан жуда хурсандман. Жорий йилнинг январида Ўзбекистон президенти Берлинда бўлиб, Германия Федерал канцлери ва Федерал президенти билан учрашган эди. Жаноб Ф.-В.Штайнмайернинг Ўзбекистонга амалга оширган ташрифи айни вақтида бўлди, зеро биз икки томонлама муносабатларни янада фаоллаштириш ҳамда уларни иқтисодий томондан кенгайтиришни режалаштиряпмиз.

Биз Ўзбекистон президентининг қўшни мамлакатлар билан муносабатларни яхшилаш мақсадида бундай дадил қадамлар ташлагани ҳамда улар билан икки томонлама самарали ҳамкорликка келишганидан жуда хурсандмиз. Айниқса, Тожикистон ва Қирғизистон каби мамлакатлар билан алоқалар ривожини алоҳида қайд этиш лозим. Ўзаро манфаатли ҳамкорликни давом эттириш нуқтаи назаридан бу биз учун жуда муҳимдир, зеро Ўзбекистон географик жойлашуви ва минтақадаги ўрнига кўра Марказий Осиёда муҳим роль ўйнашда давом этади.

Таъкидлаш жоизки, шу йилнинг 16-19 июнь кунлари Бундестагнинг Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт қўмитаси депутатлари делегацияси Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар билан яқиндан танишиш мақсадида Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида бўлади.

Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги иқтисодий алоқаларнинг фаоллашуви бизни жуда қувонтиради ва биз иқтисодий ривожланиш ҳамда маданий алмашинув йўлида интенсив ҳамкорликни давом эттириш ниятидамиз.

Йил сайин Ўзбекистонга ташриф буюраётган сайёҳларимиз сони ошиб бормоқда. Кўп немислар Ўзбекистонга саёҳат қилишга қизиқиб қолган. Бу йўналишдаги алоқаларни кенгайтиришнинг янги усулларини топишни истардик, шундай экан, бу тўғри йўналишдаги яхши ва қадрли қадамдир.

Фурсатдан фойдаланиб, ўзбек халқи ва мамлакатингиз ҳукуматини кўп йиллар давомида бизга кўрсатиб келинаётган меҳмондорчилик учун миннатдорчилик билдираман.

***

Германия судьялар академияси директори, профессор Штефан Тратц:

Ўзбекистонда суд-ҳуқуқ тизимида замонавий халқаро тажрибани инобатга олган ҳолда амалга оширилаётган ислоҳотлар Ўзбекистон ва Германия суд, ҳуқуқ органлари ва ихтисослашган муассасалари ўртасидаги самарали ҳамкорлик учун кенг имкониятларни очмоқда.

Биз Германия судьялар академиясида сўнгги йилларда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ва суд органлари билан ҳамкорлигимиз фаол ривожланаётганидан жуда мамнунмиз. Академиямиз директори сифатида, сўнгги икки йил давомида Тошкент шаҳридаги семинарларда бўлдим ва ўзбекистонлик ҳамкасбларимизнинг яхши билим ва салоҳиятли ғояларга эга эканига ишонч ҳосил қилдим.

Ўзбекистон Президентининг Бош прокуратура академияси ва Республика Судьялар олий кенгаши ҳузурида Судьялар олий мактабини таъсис этгани мени жуда қувонтирди. Бу ерда биз ушбу таълим муассасаларини қўллаб-қувватлашга йўналтирилган режаларни ишлаб чиқишимиз ва амалга оширишимиз мумкин бўлади. Ўйлайманки, келгусида ўзбекистонлик ҳамкасбларимизнинг Германия судьялар академиясида малака оширишларини ташкил қилиб, улар билан самарали ҳамкорлик қиламиз.

***

Фрайбург Университет клиникаси бош директори, тиббиёт фанлари доктори, профессор Фредерик Венц:

Ўзбекистон билан ҳамкорлигимиз ҳақида сўз кетар экан, айни дамда Федерал президентимиз, жаноб Штайнмайернинг сизнинг юртингизда расмий ташриф билан бўлаётгани алоҳида қувонч бағишлайди. Олий даражали ташриф бизнинг соғлиқни сақлаш соҳасидаги муносабатларимизни сиёсий қўллаб-қувватлаш билан таъминлайди. Икки йилча олдин биз Ўзбекистонда, хусусан, онкология йўналишида тиббий хизмат кўрсатиш соҳасида истиқболли ҳамкорлик масалаларини муҳокама қила бошлаган эдик.

Ўтган йили Тошкентда онкология бўйича биринчи Ўзбекистон-Германия конференциясини ташкил қилган эдик ва унда асосий эътибор нур орқали даволашга қаратилганди.

ГФРда онкология соҳасида Германия онкология жамияти ва Федерал соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Саратонга қарши кураш миллий режаси ишлаб чиқилган.

Бу касалликни диагностика қилиш ва терапияни яхшилашга доир биргаликдаги саъй-ҳаракатлар натижасида сўнгги икки йилда сезиларли муваффақиятга эришилди. Бироқ, бу ерда вазиятни инфратузилмага инвестиция киритиш йўли орқали ҳам сезиларли даражада яхшилаш мумкин.  Бу бир томондан, тегишли тиббий ускуналар билан таъминланган онкологик марказлар ва клиникаларнинг яратилишини билдиради. Бошқа томондан эса, ходимларга саратонни даволаш усулларини ўргатишга ҳам маблағ киритиш муҳимдир. Шифокорларни шунчаки ўқитиш билан иш битмайди, бу ерда тиббий физика ва радиацион биология каби ўрта ҳамда кичик тиббий персонални аралаш соҳаларга ўқитиш зарур.

Бугунги кунда биз Ўзбекистоннинг турли мутахассислари ва клиникалари билан мулоқот олиб бормоқдамиз. Қатъий ишонч билан айтишим мумкинки, Германия ва Ўзбекистон ўртасида тегишли келишувларга эришилган тақдирда, тиббиёт соҳасида билимларимизни алмашишимиз, бир-биримиздан ўрганишимиз мумкин. Бу Ўзбекистон аҳолиси саломатлиги яхшиланишига туртки беради.

Умид қиламанки, жаноб Франк-Вальтер Штайнмайернинг Ўзбекистонга амалдаги ташрифи  икки томонлама муносабатларни янада чуқурлаштиради ва келгусидаги ҳамкорлигимиз, шу жумладан онкология соҳасини ривожлантиришдаги ҳамкорлигимизни фаоллаштиради.

Манба: kun.uz