Ўзбекистон ва Тожикистон: стратегик шериклик ва иттифоқчиликни мустаҳкамлаш йўлида

18-19 апрель кунлари Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистонга давлат ташрифи бошланади. Бу  Ўзбекистон раҳбарининг  жорий йилда Марказий Осиё давлатига амалга оширган илк ташрифи бўлади. Бу икки республика ўртасидаги яхши қўшничилик юксак даражада эканидан ҳамда мамлакатларимизнинг стратегик шериклик ва иттифоқчилик  муносабатларини  янада мустаҳкамлашга  интилишидан далолатдир.

Қайд этиш жоизки, бугунги кунда  Марказий Осиё давлатларининг бошқа  етакчилари қатори Ўзбекистон ва Тожикистон раҳбарлари ҳам дўстона алоқаларни фаоллаштириб, минтақавий  ҳамкорликни ривожлантиришга  муҳим ҳисса қўшишмоқда. 

Давлатлар раҳбарлари Марказий Осиёнинг  келажагини яратиш йўлида 2018 йилдан буён чорак асрга тенг йўлни босиб ўтдилар. Марказий Осиё етакчиларининг якдил овози халқаро майдонларда янграмоқда,  улар БМТ Бош Ассамблеясининг музликларни сақлаб қолиш заруратидан тортиб,  ядро қуролини тарқатмаслик режимигача бўлган анча ўткир минтақавий ва глобал муаммолар бўйича резолюциялар  ташаббуси билан чиқдилар. 

Қайд этиш керакки, айнан  Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон Шавкат Мирзиёевнинг Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Масалаҳат  учрашувларини йўлга  қўйиш ташаббусини  биринчилардан бўлиб қўллаб-қувватлади. 2023 йил Душанбеда ушбу саммитнинг 5-юбилейи  бўлиб ўтди. 

Бугунги кунда тенг ҳуқуқлилик, ўзаро ҳурмат ва ишонч тамойилларига асосланган Ўзбекистон-Тожикистон муносабатлари  биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билан  жадал ривожланиш босқичига кўтарилди. 

Томонлар икки томонлама ҳамкорликнинг намунали моделини намойиш этмоқдалар. Хусусан, Ўзбекистон ва Тожикистон бир-бирларининг глобал ташаббусларини  қўллаб-қувватлаб,  МДҲ, ШҲТ, ИҲТ ва бошқа  халқаро тузилмалар  доирасида изчил  ҳамкорлик қилишмоқда. 

Умуман олганда, бугун икки томонлама ҳамкорликда барча  соҳаларда  ривожланиш кузатилмоқда. 

Биринчидан, Президентлар Шавкат Мирзиёев ва Эмомали Раҳмоннинг  қатъий сиёсий иродаси ва стратегик қарашлари туфайли қардош давлатлар ўртасида юқори ва олий даражадаги  икки томонлама  алоқаларнинг сезиларли  ўсиши  кузатилмоқда. 

2018 йилда муносабатлар тарихида илк маротаба ўзаро давлат ташрифлари алмашилди.  Ўшанда Шавкат Мирзиёев Душанбега “очиқ  қалб ва очиқ чегаралар билан” келганини айтган эди.  Ўз навбатида,  Эмомали Раҳмон ҳам Тошкентда “Ўзбекистон билан алоқалар  Тожикистон ташқи сиёсатининг  асосий устувор йўналиши бўлиб қолади”, – деди. 

2016 йилдан буён мамлакатлар раҳбарлари 32 марта учрашишди.

Давлатимиз раҳбари кўп асрлик мустаҳкам дўстлик ва яхши қўшничилик  ришталарини  мустаҳкамлашга қўшган  шахсий ҳиссаси учун Эмомали Раҳмонни  “Эл-юрт ҳурмати”  ордени билан  мукофотлади (2018 йил  17 август Тошкент).  Тожикистон раҳбари эса, Шавкат Мирзиёевга биринчи даражали «Зарринточ»  (“Олтин тож”) орденини топширди (2021 йил 11 июнь Душанбе ш.).

Икки мамлакат раҳбарларининг Ўзбекистон-Тожикистон  шерикчилигини стратегик  (2018 йил 17 август), сўнгра эса, иттифоқчилик  муносабатлари (2022  йил 2 июнь) даражасигача олиб чиқиш кейинги  муҳим қадам  бўлди.

Моҳиятан, Президентлар саъй-ҳаракатлар, имкониятлар ва салоҳиятни максимал бирлаштирган ҳолда ва барча мавжуд тўсиқларни олиб ташлаш орқали  ҳамкорликнинг  янги даврига асос солдилар. 

Юқори даражадаги ишонч муҳити парламентлараро алоқаларни фаоллаштиришга ижобий таъсир кўрсатди. Натижада, 2020 йилда  Ўзбекистон  Республикаси Олий Мажлисининг Тожикистон Республикаси Мажлиси Олининг Мажлиси Намояндагон билан ҳамкорлик бўйича  парламентлараро  гуруҳи тузилди. Сўнгги тўрт йилда 5 марта парламент делегациялари алмашинуви амалга оширилди. 

Конструктив парламент мулоқотини мустаҳкамлашда 2023 йил сентябрь ойида Душанбе шаҳрида Тожикистон Мажлиси милли Мажлиси Оли  раиси  Рустам Эмомалининг  Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева билан учрашуви муҳим қадамлардан бўлди. Унинг якунлари бўйича икки мамлакат  парламентлари юқори палаталари  ўртасида имзоланган ҳамкорлик битими юқори даражада эришилган келишувларнинг ижросини мониторинг қилишнинг муҳим  воситаси  бўлиб қолмоқда. 

Парламентлараро алоқалар жадал хусусият касб этмоқда. 2018 йилдан буён бош вазирлар Абдулла Арипов ва Коҳир Расулзода даражасида 15 дан зиёд учрашувлар ўтказилди.  Ҳукуматлар раҳбарлари бугунги кунда Ҳукуматлараро комиссияга шахсан раҳбарлик  қилмоқдалар. 2024 йил 12 мартда  Душанбе шаҳрида унинг 11-йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилиш якунлари бўйича томонлар Ўзбекистон ва Тожикистоннинг тўқимачилик ва тикувчилик саноатида фойдаланилмаган салоҳиятини рўёбга чиқариш, ҳамкорликда қишлоқ хўжалиги техникаси ва ускуналарини ишлаб чиқариш, озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлаш, металлургия, фармацевтика, дори воситалари, қурилиш материаллари, ахборот технологияларини ишлаб чиқариш ва электроника бўйича  қатор  келишувларга эришдилар. 

Икки мамлакат ташқи ишлар вазирликларининг сиёсий маслаҳатлари мунтазам асосда ўтказиб келинмоқда, махсус хизматлар,  ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, мудофаа идоралари ўртасида хавфсизлик масалалари бўйича ҳамкорлик олиб борилмоқда. 

Иккинчидан, Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги савдо-иқтисодий ва инвестициявий  алоқалар анча фаоллашди.  

Икки томонлама товар айирбошлашда сезиларли  ўсиш кузатилади. Сўнгги 7 йилда ўзаро савдо ҳажми 197 миллион АҚШ долларидан 757 миллион долларгача ўсди. 

Бу вақтда Ўзбекистонга Тожикистон экспорти 3,5 баравар, Тожикистонга ўзбек экспорти 4 баравар ошди. Бугун давлатимиз  Тожикистоннинг  5 та энг йирик  савдо ҳамкорлари қаторига киради.  Ўз навбатида, Тожикистон ҳам Ўзбекистон  ташқи савдо айланмасида  10-ўринни  эгаллайди.  Ўзаро савдо ҳажмини жорий йил охиригача 1 миллиард  долларгача етказиш учун барча асослар бор. 

Бу минерал ёқилғи, электр-энергия, озиқ-овқатлар, механика ускуналари, қурилиш материаллари, қора ва рангли  металлар,  улардан, рудадан тайёрланган буюмлар, тошқол, тўқимачилик ва кимёвий  маҳсулотлар ва жисмоний шахсларнинг товарлари каби  товарларни ўзаро етказиб беришга бўлган талаб ортиб бораётганини ҳисобга олсак, бу эришиш мумкин бўлган натижадир. 

Ўзбекистон-Тожикистон ҳудудлараро форуми бу жараёнда муҳим  роль ўйнайди. 2021 йилда Хатлон вилоятининг Бохтар шаҳрида   чегарадош Сурхондарё ва Суғд вилоятлари раҳбарлари, ишбилармон доира вакиллари иштирокида бўлиб ўтган биринчи форум якунлари бўйича  салмоқли келишувларга эришилди. 

Шу билан бирга, қўшма инвестиция лойиҳалар ҳам амалга оширилмоқда:  ўзбек-тожик  корхоналари сони 2016 йилда  34 тадан 2023 йилда  339 тагача  (Ўзбекистонда – 25 та, Тожикистонда – 9 та )  10 баробар кўпайди  (278/61).

Савдо-иқтисодий муносабатларни ривожлантириш доирасида  саноат кооперацияси ҳам ривожланмоқда. 2023 йил май ойидан «Ойбек-Фотехабод» ўтказиш  пунктларида “Ўзбекистон-Тожикистон” савдо ҳудуди лойиҳаси амалга  оширилмоқда. Бунда 2021 йилдан буён фаолият юритиб келаётган ва  сўнгги уч йилда  устав жамғармаси  2 бараварга -   50 миллион доллардан 100 миллион долларгача ўсган Ўзбекистон-Тожикистон инвестиция компанияси муҳим роль ўйнайди. 

Тожикистонда қатор  қўшма корхоналарнинг ишга туширилиши саноат-инвестиция алоқаларини амалий ва ўзаро манфаатли  ривожлантиришнинг ёрқин мисоли бўлди. Маиший электроника товарлари ишлаб чиқарувчи  «Артель Авесто Электроникс»  ва  коммунал-қурилиш техникаларини таъмирлаш бўйича «Талко-Крантас» корхоналари  шулар жумласидандир.

Тожикистонлик экспертлар Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган машиналар  нисбатан арзонлиги ва жаҳон  сифат стандартларига жавоб бериши туфайли Тожикистонда  харидоргир бўлади, деб ҳисоблайдилар. 

Ўзбекистонда ҳам шундай объектлар  очилмоқда. Хусусан,  Фарғона вилоятининг Бешариқ туманида Тожикистон билан чегарадош ҳудудда “Андархон”  йирик минтақавий  савдо-логистика кластери қурилмоқда.  Бу ерда 200 дан зиёд объектлар – ишлаб чиқариш цехлари, дўконлар, меҳмонхоналар, банк ва логистика маркази фаолият юритади. 

Гидроэнергетика соҳаси Ўзбекистон ва Тожикистон иқтисодий ривожланишининг  кучли  ҳаракатлантирувчи кучидир. 2022 йил июнь ойидан бошлаб  томонлар 320 МВт қувватга эга  иккита ГЭС  қурилишига киришдилар: Зарафшон дарёсидаги  Ёвон  ва Фандарё дарёси ( Зарафшон дарёсининг чап ирмоғи )даги ГЭС шулар жумласидандир. Ишлаб чиқарилган 1,4 млрд. кВт/с – электр энергия икки мамлакат эҳтиёжлари  учун паритет асосида етказиб берилади. Роғун ГЭС  каби йирик  лойиҳалар доирасидаги ҳамкорликдаги ишлар олиб борилмоқда. Бу лойиҳа Ўзбекистон ва Тожикистон электр тармоқларининг ишончлилигини  оширишга хизмат қилиши шубҳасиз. 

Учинчидан, Шавкат Мирзиёев ва Эмомали Раҳмоннинг узоқни кўзлаган  сиёсати туфайли икки томонлама транспорт-коммуникация салоҳиятини   тўлиқ рўёбга чиқариш масалаларида ютуққа эришилди. 

Хусусан, 2018 йилда 8 та автомобиль назорат пунктларининг фаолияти   тикланди,  20 йилдан буён фаолияти тўхтаб қолган Ғалаба-Амузанг-Хошади темир йўл линиясининг фаолияти  қайта тикланди.

Шунингдек, 2021 йилдан буён «Тошкент – Душанбе – Тошкент»  мунтазам парвозлари, 2022 йилдан буён «Самарқанд – Душанбе», «Панжикент – Самарқанд»  халқаро автобус  қатновлари  тикланди. Шу билан бирга,  ҳудудлар ўртасида  5 та, жумладан,   «Тошкент – Хўжанд» номли  янги автотранспорт линиялари йўлга  қўйилди. Ўша йилдан буён  «Тошкент – Душанбе»  йўловчи поезди  фаолият юритишни бошлади. 

Панжикент – Булунғур/Жомбой участкасида  темир йўл қурилиши,  Бекобод – Истиқлол темир йўл участкасини электрлаштириш ва Ўзбекистон–Тожикистон–Хитой транспорт йўлагини ривожлантириш масаласи  ишлаб чиқилмоқда.

Натижада, 2016 йилдан 2023 йилгача икки мамлакат ўртасидаги  темир йўл транспортида юк ташиш ҳажми 25 баробардан зиёдга - 300 минг тоннадан 8,5 миллион тоннагача ҳамда  автомобиль транспортида юк ташиш ҳажми 2  баробарга  – 1,5 миллион тоннагача ошди.  
Логистика тизимлари самарадорлиги Индекси рейтингида 2023 йилда  Ўзбекистон ва Тожикистон ўз натижаларини  11 ва 37 поғоналарга яхшилаб, дунёда 88- ва 97- ўринни эгаллади. 

Ҳозирги кунда мамлакатларимиз автомобиль ва темир йўллари ўзаро интеграллашган. Ушбу муҳим коммуникация тармоғи учинчи давлатлар учун транзит вазифасини ҳам бажаради. Бу соҳадаги истиқболли  лойиҳалар орасида «Хитой – Тожикистон – Ўзбекистон – Туркманистон – Эрон – Туркия – Европа»  янги мультимодал  йўлаги лойиҳасини алоҳида таъкидлаш лозим. 

Унинг амалга оширилиши бир томондан,  ҳар икки давлатларнинг  транспорт ёпиқлиги масаласини ҳал қилиш имконини берса, бошқа томондан – Транскаспий халқаро транспорт йўналиши ва Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон  темир йўл лойиҳаси қаторида Марказий Осиё  транспорт тизимини ривожлантириш ва “Шарқ-Ғарб” йўналиши бўйича  фойдали  транзит бўғин сифатида унинг ролини ошириш учун муҳим  ёрдам бўлади.

Тўртинчидан, маданий-гуманитар соҳада давлатлараро  ҳамкорликнинг юқори  суръати кузатилмоқда. 

Бу борада 2018 йилда виза режимининг бекор қилиниши ва  чегараларнинг очилиши бу йўналишдаги алоқаларни ривожлантиришнинг муҳим омилларидан бири бўлиб,  бу инсонларнинг эркин ҳаракатланиши, мулоқот  ва савдо қилиши учун  қулай шароитлар яратди. 

Бугунги кунда Ўзбекистонда тожиклар ўзбеклардан кейин, Тожикистонда эса,  ўзбеклар энг катта этник гуруҳ  ҳисобланади. Бу ўз навбатида, маданий муносабатлар ва халқ дипломатиясини фаоллаштиришга  ёрдам беради. 

Уларнинг кўрсаткичи қуйидагилар билан намоён бўлади: Ўзбекистонда 19 та тожик  миллий маданий марказлар фаолият юритмоқда, 8 та  даврий  босма нашрлар нашр этиляпти, «Тожикистон» телеканали ишлаб, тожик тилида 25 та телекўрсатув, 3 та радиодастурлар, 4 та  радиожурнал ва 2 та мусиқий  дастурлар эфирга узатилмоқда. 255 та ўзбек мактабларида таълим тожик тилида  юритилади. 

Бухоро, Самарқанд, Фарғона ва Термиз давлат университетлари ҳамда Чирчиқ  давлат педагогика  институти,  Денов тадбиркорлик ва педагогика институтида таълим тожик тилида олиб бориладиган факультет ва гуруҳлар  фаолияти йўлга қўйилган.  Уларнинг талабалари сони  қарийб 2 баравар - 2016 йилда  621 нафардан  2023 йилда 1022  нафарга кўпайган. Қардош Тожикистонда  таълим ўзбек тилида юритиладиган  мактаблар сони кўп. Шунингдек,  ўзбек тилида «Шарқнома» журнали «Халқ овози»  ва «Сўғд ҳақиқати» газеталари нашр этилади, «Сўғд»  телеканали эфирга узатилади. 

Бундан ташқари, мамлакатда  3 та ўзбек миллий маданий марказлари, Душанбе педагогика университетида ўзбек факультети муваффақиятли  фаолият юритмоқда. 

Ҳар йили Ўзбекистон ва Тожикистонда тожик ва ўзбек  маданиятларини ривожлантиришга бағишланган юзлаб тадбирлар ( санъат, кино кунлари, миллий байрамлар, форумлар, олий таълим муассасалари ўртасидаги анжуманлар, илмий симпозиумлар) ўтказилади.

 Халқларимиз азалдан дўст қийинчиликда билинади, дейди. Шу нуқтаи назардан, Шавкат Мирзиёевнинг шахсий топшириғига биноан Ўзбекистон  пандемия пайтида қардош тожик халқига  ёрдам кўрсатгани ҳамда Эмомали Раҳмон 2020 йил май ойида Сирдарё вилоятида Сирдарё сув омбори тўғонининг бузилиши оқибатида жабрланганлар учун  қурилиш материаллари кўринишида мамлакатимизга гуманитар ёрдам юборгани  Ўзбекистон-Тожикистон  муносабатларининг энг янги тарихида абадий ёдда қолади. Энг оғир  кунларда  ҳар икки мамлакат бир-бирларига  ёрдам кўрсатиб,  халқлар ўртасидаги дўстликни  янада мустаҳкамладилар. 

Энг муҳими, яқин қўшнилар бундан буён ҳам  минтақада ҳар қандай ҳолатда юзага келаётган янги чақириқ ва таҳдидларларга биргаликда яхлит жавоб топиш зарурлиги тўғрисида умумий тушунчани шакллантиришни давом эттиришга тайёр. 

Шу боис, олий даражадаги расмийларнинг сиёсий иродаси ва  ривожланаётган икки томонлама мулоқот минтақавий ҳамкорликни  янада ривожлантиришга ва  дўст халқлар  фаровонлигини оширишга хизмат қилиши шубҳасиз. 

Умуман олганда, Тошкент ва Душанбе эришилган натижалар билан чекланиб қолиш ниятида эмас. Ҳеч шубҳасиз. Тожикистонда бўлиб ўтадиган олий даражаги учрашув  ижобий тенденцияларни мустаҳкамлаш,  икки томонлама ҳамкорликнинг  истиқболли йўналишларини белгилаш ҳамда бутун Марказий Осиё минтақасида барқарор ривожланишни  таъминлашда янги имкониятларни очишга  хизмат қилади. 

Ўзбекистон-Тожикистон ҳамкорлигининг ушбу  ижобий динамикаси  барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш, аҳоли фаровонлигини ошириш, минтақада  барқарорлик ва хавфсизликни таъминлашда муҳим омил бўлмоқда. 

Ўзбекистон ва Тожикистоннинг стратегик шериклик ва иттифоқчиликни мустаҳкамлаш ниятини ҳисобга олиб, товар айирбошлаш ҳажмини ошириш ва саноат кооперациясини ривожлантириш яқин истиқболдаги ҳамкорликнинг  устувор йўналишлари ҳисобланади.  

Агропросаноат комплекси, автомобилсозлик ва енгил саноат, транспорт корхоналари ўртасида ишлаб чиқариш кооперациясини кенгайтириш, Ўзбекистон ва Тожикистон ҳудудида икки мамлакат компанияларини  йирик  инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишга жалб қилиш иқтисодий ҳамкорликнинг муҳим ҳаракатлантирувчи  кучи деб қаралиши керак. 

Транспорт соҳаси – ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг  яна бир муҳим йўналишидир. Шу нуқтаи назардан, Хитой-Тожикистон-Ўзбекистон-Туркманистон-Эрон-Туркия-Европа транспорт  йўналишини амалга ошириш доирасида томонларнинг яқин ҳамкорлигини  чуқурлаштириш  долзарблиги ортиб бормоқда. Бу Тошкент ва Душанбега Европа (Тожикистон-Ўзбекистон-Туркманистон-Каспий), Жанубий Осиё (Тожикистон-Ўзбекистон-Афғонистон-Покистон-Ҳиндистон) ва Яқин Шарқ  (Тожикистон-Ўзбекистон-Туркманистан-Эрон-Форс кўрфази) йўналишларига чиқиш билан ўзининг транзит йўлакларини диверсификация қилиш имконини беради. 

Хулоса қилиб айтганда, Президент Шавкат Мирзиёевнинг  Тожикистонга ташрифи,  икки томонлама ҳамкорликни  чуқурлаштиришга  янги суръат бағишлайди ва бутун Марказий Осиё минтақасида барқарор ривожланишни таъминлаш ишида янги истиқболлар очади, деб  таъкидлаш  мумкин.  

Жасур Раҳматов,

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги СМТИ бош илмий ходими

Манба